00:29 / 20.06.2020
16731

ЖССТ дунё коронавирус тарқалишининг хавфли босқичига кирганидан огоҳлантирди

Фото: Reuters

Давлатларнинг иқтисодий-ижтимоий фаолиятни тиклашга ва карантин чекловларини юмшатишга интилаётгани сабабли дунё коронавирус тарқалишининг янги хавфли босқичига кирди. Бу ҳақда ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус айтиб ўтди.

Гебрейесуснинг таъкидлашича, кўплаб одамларнинг уйларида ўтириш жонларига тегиб, давлатлар иқтисодий ва ижтимоий фаолиятни тиклашга интилмоқда. “Бироқ вирус ҳамон тез тарқалмоқда. У ҳали ҳали ҳам ўлимга олиб келмоқда ва кўпчилик одамлар унинг олдида заиф”, деб қўшимча қилган ЖССТ раҳбари.

Унинг айтишича, ЖССТ 18 июнда дунё бўйича 150 мингдан кўпроқ янги касалланиш ҳолати қайд этилгани ҳақида маълумот олди. Бу эса пандемия бошлангандан бери рекорд даражадаги кунлик ўсиш ҳисобланади. ЖССТ раҳбарининг таъкидлашича, ушбу янги касалланиш ҳолатларидан ярми Шимолий ва Жанубий Америкага тўғри келади ҳамда пандемия Жанубий Осиё ва Яқин Шарқда жадал тарқалмоқда.

“Биз барча давлатларни ва одамларни ўта огоҳ бўлишга чақирамиз. Масофани сақлашга, агар ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз уйда қолишга, ниқоблар тақиш ва қўлларни ювишни давом эттиришга чақирамиз”, деб таъкидлаб ўтган Гебрейесус.

Айни вақтда дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 8,7 млнга яқинлашиб қолди, ундан вафот этганлар сони 459 мингдан, соғайганлар 4,5 млндан кўпроқни ташкил қилмоқда.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top