Ўзбекистон | 08:03 / 20.06.2020
17791
2 дақиқада ўқилади

Ўзини ўзи молиялаштиришга ўтган ОТМда тўлов-контракт миқдори оширилмайди

Пандемия шароитидан келиб чиқиб, 2020/2021 ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорини оширмасликка қарор қилинди.

Жорий йилнинг 19 июнь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтган 10та ОТМ раҳбарлари иштирокида мажлис ўтказилди. Мажлисда тўлов-контракт асосда ўқитиш қийматини белгилаш масаласи муҳокама қилинди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, президентнинг 2020 йил 12 июндаги “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-4749-сонли қарорида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасаларига ўзини ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш миқдоридан келиб чиқиб, тўлов-контракт асосда ўқитиш қийматини белгилаш ҳуқуқи берилган.

Бунда ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасалари ректорлари бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича белгиланган тўлов-контракт миқдори ҳақидаги маълумотларни бир ҳафта муддатда оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида эълон қилиши белгиланди.

“Муҳокамалар якунида пандемия шароитидан келиб чиқиб, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, талаба-ёшларнинг таҳсил олиши учун қулай шароитларни яхшилаш мақсадида 2020/2021 ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорини оширмасликка қарор қилинди.

Бир йиллик шартнома қиймати меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб белгиланишини инобатга олиб, ушбу миқдор ўзгарганда масалани қайта кўриб чиқишга келишиб олинди”, - дейилади хабарда.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 декабрдаги 967-сонли қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 январдан 10та ОТМ тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган.

Мавзуга оид