«Қамчиқ» довонидаги машҳур «Бургут» масканини бузиш кимга керак бўлиб қолди?
Водий вилоятларини пойтахт ҳамда республиканинг бошқа ҳудудлари билан боғлаб турувчи ягона йўл – Қамчиқ довонида йўловчилар тўхтаб, тин олиб, атрофни томоша қиладиган хушманзара жой бор. Бу ўша, «Тошкент – Ўш» автойўлининг 233-километридаги, йўловчилар «Бургут» дея атайдиган, «Бир зумда» кафеси ва санитар-гигиеник пункти мавжуд кўпчиликка таниш маскан.
Мақола ва видеолавҳамиз қаҳрамони Амонжон Маткомилов Поп туман ҳокими қарорларига ишонганидан мазкур жойга катта миқдорда маблағ сарфлаб обод қилишни бошлаган. Энди эса туман ҳокимининг ўз қарорларига тескари қарорлар қабул қилгани оқибатида юзага келган оғир вазиятдан боши қотган тадбиркор Kun.uz сайтига мурожаат қилди.
Арзнома ортидан Поп тумани ва Қамчиқ довонида бўлдик.
«Қурилишни ҳоким қарори ва барча мутасадди ташкилотлардан олинган ҳужжатларга асосан бошлаганман»
2010 йили Амонжон Маткомилов Қамчиқ довонининг ўша пайтда биров эътибор бермаган 233-километридаги ташландиқ ҳудудда туман ҳокимининг қарорига асосан «Наманган телеком»нинг вақтинчалик сўзлашув масканини очади.
Туризмга бўлган эътиборнинг кучайиши ва йўловчиларнинг талабларидан келиб чиқиб, енгил конструкцияли санитар-гигиеник пункти ва «Бир зумда» кафеси қурилишни режа қилган тадбиркорга 2016 йили туман ҳокимлиги 1803-сонли қарор билан 48 м.кв. жойни 5 йил муддатга беради.
Шунингдек, Поп туман ҳокимлиги 2018 йил 10 декабр куни тадбиркорга 2425-сонли қарор билан санитар-гигиеник пункти (замонавий ҳожатхона) ва «Бир зумда» кафеси қуриш учун 200 м.кв. ер майдонини доимий фойдаланиш учун ажратиб берган.
Ҳоким қарорини қўлига олган А.Маткомилов замонавий лойиҳа асосида маъсул ташкилотлар – Поп туман архитектура ва қурилиш бўлими, туман ДСЭНМ, туман ЁХБ, вилоят атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, «Қамчиқ автойўл» корхонаси, Қамчиқ махсус қидирув-қутқарув бошқармаси, Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ билан келишилганлик ҳақидаги ва бошқа барча ҳужжатларни расмийлаштиргач, кўнгилни тўқ қилиб қурилишни бошлаган.
«Мен бу жойда 2010 йилдан бери тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаман. «Наманган телеком»нинг контейнер типидаги сўзлашув пунктини барпо қилиш лойиҳаси бўйича агент сифатида иш бошлаганман. Йўловчиларнинг сифатли сервис хизматини кўрсатишга муҳтожлигини ҳис қилган ҳолда, сўзлашув пункти ёнига қўшимча равишда замонавий ҳожатхона, «Бир зумда» кафеси ва дўкон қуришни мақсад қилиб, туман ҳокимига 2011 йилда муддатли қарор чиқариб бериши учун ариза билан мурожаат қилганман.
Ариза бўйича ишчи гуруҳ ўрганиб, 2011 йил декабрь ойида туман ҳокими 5 йил муддатга вақтинчалик фойдаланиш учун қарор чиқариб берди. Муддат тугагандан сўнг, 2016 йили ҳокимиятга муддатли қароримни узайтириб бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилдим. Фаолиятни давом эттириш учун яна қарор чиқариб берди.
Орадан икки йил ўтгандан сўнг, 2018 йили қарорни доимийлаштириш тўғрисида туман архитектураси, қурилиш бўлимига таклиф берганимдан кейин таклифимни маъқуллашиб, 2018 йил 10 декабрда қарорни доимийлаштириб беришган.
2018 йил бу йўлда қурилиш ишлари бошланди. Туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари ва туман архитектори «Қамчиқ автойўл» томонидан муаммо бўлаётганини, автойўл мутасаддиларидан техник хулоса олиб беришимни айтишди. Бу йўл стратегик аҳамиятга эга автомагистрал йўл бўлганлиги сабабли, Қамчиқ довонидаги мутасаддилардан техник хулоса ва шартлар олишга тўғри келди.
Туман ҳокими ўринбосари ва архитекторнинг юборган сўровномасига асосан барча ҳужжатларни тайёрлаб бердим. «Қамчиқ автойўл» ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси, «Қор кўчиш станцияси», Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли қидирув-қутқарув бўлими ва Наманган ИИБ ЙҲХБ тегишли далолатномаларни расмийлаштириб, лойиҳага жавоб берадиган қандай ҳужжат талаб қилинган бўлса, барчасини олдим. Ҳужжатларнинг ҳаммасини тўплаганим учун кўнгил тўқ эди. Туман ҳокими қурилиш учун қарор чиқариб берди», – дейди Амонжон Маткомилов.
Довонда қурилиш қилиш осон эмас
Тадбиркор ҳужжатлари мукаммал бўлганидан кейин маблағ сарфлаб, қурилиш ишларини олиб борди. Довонда қурилиш қилиш осон бўлмади. Техника жалб қилиб, жарликларни тўлдирди. 1,5 км масофадан электр энергиясини тортиб келиш учун Поп туман электр тармоқлари корхонасидан рухсатнома олиб, бетон симёғочлар ўрнатди. Йўловчилар фойдаланиши, ҳожатхона ва дарахтларни кўкартириш ва ободонлаштириш учун 3 км масофадан тоза ичимлик суви тортиб келди. Машиналар бемалол тўхташи ва кириши учун тўхташ жойи барпо қилди.
Қурилиш ишларини амалга ошириш учун 400 млн сўм миқдорида пул сарфлади.
Айни пайтда А.Маткомиловнинг мазкур бино ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини берувчи кадастр ва бошқа барча ҳужжатлари мавжуд.
Тадбиркор барча ишлари амалга ошиб, энди хурсандчилик қиладиган пайтда муаммоли масалага дуч келди.
«Ҳоким томонидан чиқарилган қарор бир марта бекор бўлди. Сабаби, «Қамчиқ автойўл» корхонаси техник шарт олишимга қарамай, қарорни бекор қилдириш бўйича ҳокимиятга ариза билан чиқди. Қарор бекор бўлганидан сўнг, Президент порталига мурожаат билан чиқдим. Портал мурожаатимни вилоят прокуратурасига йўналтирди.
Наманган вилоят прокуратураси туман ҳокимига қарорни ўрганиб чиқиш бўйича хат чиқарган. Ҳокимлик «Қамчиқ автойўл»нинг янги техник ҳулосасини олиб келишимни, шунда қарорни янгилаб тиклаб беришини айтишди.
Янги хулосасини олиб борганимдан сўнг, туман ҳокимлиги 2019 йил 18 декабрь кунги 4966-сонли қарор билан ер майдонини доимий фойдаланишга янгитдан тиклаб беришди.
Афсуски, орадан ҳеч қанча ўтмай, «Қамчиқ автойўл» туман прокуратурасига яна мурожаат қилди. Поп туман прокуратураси «ер бириктириб бериш тўғрисидаги қарорни мувофиқлаштириш зарур», деган масала билан туман ҳокимлигига хат йўналтирса, туман ҳокимлиги қарорни яна бекор қилиб, Чуст тумани фуқаролик судига иншоотларимни ўз ҳисобимдан буздириш тўғрисида мурожаат қилибди.
Бошим қотган. Қайси ҳужжатга ишониб иш қилиш кераклигини билмай қолдим. Ахир президентимиз: «Тадбиркорга йўл очиб беринглар», деяпти», – дейди у.
Тадбиркор 2019 йил туман ҳокимининг қарори қайта тиклангандан сўнг, қарорни мустаҳкамлаш мақсадида ва мутасадди ташкилотларининг берган техник хулосаларини мустаҳкамлаш мақсадида далолатнома тузиб беришларини сўрайди.
«Қамчиқ» қидирув-қутқарув бошқармаси ўринбосари Бахтиёр Шайқулов, «Қамчиқ автойўл» УК директори ўринбосари Ғайратжон Ҳусанов, Қамчиқ довони йўл ҳаракати хавфсизлиги бошлиғи Зоҳиджон Турсуновлар билан биргаликда ишчи гуруҳ шакллантирилган ҳолда, далолатнома тузилди. Далолатномада маълум техник шартларни бажариб шу ердаги фаолиятимиз давом эттирилиши расмийлаштирилган. «Мана, энди ҳужжатларим янада мустаҳкам бўлди», деб ўйлаган эдим.
2020 йил карантин даврида ҳокимият ўз қарорини бекор қилишга яна урина бошлади. Ишчи гуруҳ мени ҳеч қандай огоҳлантирмай, тушунтириш ишлари олиб бормай туриб, бир-бири билан келишган ҳолда туман ҳокимининг қарорини бекор қилиб юборди.
Айни пайтда Поп туман ҳокимлиги менинг хусусий мулкларимни буздириш бўйича судга даъво аризаси киритган. Ҳокимият юристи ҳар қандай муддаомни Чуст тумани фуқаролик судига бориб гапиришимни таъкидлади», – дейди тадбиркор.
Туман ҳокимлигида
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Поп туман ҳокимлигида бўлдик. Бизга ҳокимлик ҳуқуқшуноси Элмурод Турдалиев, туман қурилиш бўлими бошлиғи Сарварбек Рўзиматовлар қуйидагича изоҳ беришди.
«Шу масала бўйича Амонжон Маткомилов билан туман ҳокимлигида жуда кўп бора суҳбатлашдик. 2016 йили туман ҳокимининг қарори билан вақтинча фойдаланиши учун Қамчиқ автомобил йўлининг 233-км оралиғида 48 метр квадрат ер майдони «Бир зумда» кафе шохобчаси учун ажратиб берилган. 2018 йил 10 декабрда туман ҳокими томонидан 2425-сонли қарори чиқди. Унинг мазмуни тадбиркор томонидан қурилган «Бир зумда» кафе ёнига қўшимча равишда гигиеник пункт қуриш учун ер майдони ажратганмиз.
Қарор чиққандан сўнг, 2019 йили «Қамчиқ автойўл» бизга хат билан мурожаат қилди. Хатда биз чиқарган қарорга асосан тадбиркор томонидан қурилган объектлар енгил конструкция кўринишида эмас, балки капитал қурилишида бўлгани, оқибатда транспортлар қатновида тирбандликлар пайдо бўлаётгани айтилиб, туман ҳокимининг қарорини қайта кўриб чиқиш билан унга ҳуқуқий баҳо бериш бўйича бизга мурожаат қилинган.
Ушбу хатга асосан, туман ҳокимининг 2016 йилги 1803- ва 2425-сонли қарорларини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилганмиз.
Орадан вақт ўтиб, 2019 йил якунида «Қамчиқ автойўл» корхонаси яна мурожаат билан чиқди. Мазмуни – гўёки тадбиркор томонидан қурилган объект қонуний эканлиги, «Қамчиқ автойўл» талабига мос равишда қурилгани, мавжуд муаммолар бартараф этилгани, агарда туман ҳокими қарори тикланса, ҳеч қандай қонун бузилиши бўлмаслиги айтилган эди. Яна қарорларни ўз кучига тиклаш ҳақида туман ҳокимининг қарорини қабул қилганмиз.
Қарор қабул қилганимиздан сўнг, Маткомилов Амонжонга қўшимча равишда бириктириб берилган ерни 2018 йил октябрь ойида туман прокуратураси томонидан ҳам гўёки биз аукционда беришимиз керак бўлган, лекин аукцион ўтказмасдан тадбиркорга 6 сотих ер майдони бириктириб берганлигимиз қонун талабларига зид равишда бўлганлиги сабабли кўрсатма хати келган.
Бундан ташқари, «Қамчиқ автойўл» корхонасидан яна муаммолар келиб чиққанлиги ва қарорларни бекор қилиш кераклиги тўғрисида хат келган. Ички ишлар бошқармаси томонидан ҳам транспорт ҳаракатларига халақит бериб турганлиги ва кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлиш ҳолатларига сабаб бўлаётганлиги ҳақида фотолавҳалар билан мурожаат қилган.
Туман ҳокими 2020 йил 30 апрелда 383-қарор билан дастлабки барча қарорларни бекор қилиши ҳақида қарор қабул қилди. Муаммони охиригача ечиш, қурилган биноларни буздириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судига даъво аризаси киритдик.
Тадбиркор Маткомилов Амонжон эътироз билдирди. «Қамчиқ автойўл» берган ижобий ҳулосаларини ва лойиҳаларини кўрсатиб қонуний қурилганини ва бузишдан норози эканлигини билдирди. Тадбиркор билан суҳбатлашганимда, барча кўрсатмаларимни бердим. Суд жараёнида ўзини оқловчи барча хужжатлари билан қатнашиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришини ва бу муаммонинг охирги қарорига суд қарори билан ҳал этилишини тушунтирдим. Шундан сўнг, Маткомилов Амонжон туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш учун маъмурий судга мурожаат қилганини айтди. Ҳозир судга тайёргарлик кўряпмиз.
Тадбиркорга ер бериб, қуриб битказганидан сўнг, «Бўшатиб қўй» дейишимиз нотўғри. У даражага ҳам борилгани йўқ. Фақат қонунга мувофиқлаштирмоқчимиз.
Ўз ҳисобидан бузиб кетилсин деганмиз. Чунки қурилиш объектини шу жойга қурасан дейилган бўлса, техник шартларни олган. Бизнинг талабимиз, техник шартлари асосида қурилганида, «Қамчиқ автойўл» ва ички ишлар бошқармасининг эътирозига сабабчи бўлмаган бўлар эди. Оқибатда, туман ҳокимининг қарорлари бекор бўлмаган бўларди, деб ўйлардим.
Суд тизимида ҳам шундай ҳолатлар бўлади. Тарафлар ўзини оқловчи, ўзини важини ва асосий хужжатларини тақдим қилади. Судда мутахассислар иштирок этади. Масала суд жараёнида кўриб чиқилса, ички ишлар бошқармасидан ва «Қамчиқ автойўл»дан мутахассис вакиллар иштирок этса, суд жойига бориб ўтказилса, мутахассислар кўриб, автомобилларнинг тўхташ жойини, фуқароларимизни чиқиб-тушиш жойлари ва бошқа ҳолатларни суд даврида бартараф қила олсак, бу низо суд тартибида суд давомида ҳал бўлади.
Ҳақиқатда хусусий мулк дахлсиз. Эътибор бериб қарасак, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш керак. А.Маткомиловнинг кадастр ҳужжатлари бор. Тадбиркорга етказилган зарарни айбдор шахслардан ундириш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи бор», – дейди Поп туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси Элмурод Турдалиев.
«Бу бинолар архитектура лойиҳалари асосида қурилган. Лойиҳа қилинишидан олдин ташкилотлардан хулоса олингандан кейин лойиҳалаштирилган. Ҳаммаси лойиҳага асосан қурилган. Бузилишига сабабни келтирадиган бўлсам, суд натижасига кўра айтиш мумкин. «Бузилади» дегани ҳали хулоса эмас. Ҳамма ечим суд жараёнида бўлади.
Судда «Қамчиқ автойўл», ички ишлар бошқармаси ва ҳокимиятдан мутахассислар жалб қилинади. Барча ҳужжатлар кўриб чиқилади. Қурилиш бўлган жойга чиқиб, сайёр судда кўриб чиқиш мумкин.
Хусусий мулк бўлгани ва кадастр хужжатлари борлигини кўриб чиқиб ўрганганмиз. Қамчиқ довони ва ички ишлар бошқармасининг ижобий хулосаси берилгандан кейин чизмалари чизилган ва қарор қабул қилинган», – дейди Поп тумани ҳокимлиги қурилиш бўлими бошлиғи Сарварбек Рўзиматов.
Туман ҳокими қарорига ишониш керакми ёки йўқ?
Тадбиркор Амонжон Маткомилов туман ҳокимининг қарори, барча мутасадди ва масъул ташкилотлар томонидан берилган рухсатномаларга асосан иш кўриб биноларни қурди ва иш олиб бормоқда. Бироқ Поп тумани ҳокимининг иншоотларини бузиш ҳақидаги навбатдаги қарори уни қийин ҳолатда қолдирди.
Ўтган йили тадбиркорнинг Президент порталига ёзган хатидан сўнг, президент админстрациясидан Наманган вилоят прокуратурасига хат келган ва ундаги саволларга кўра, тадбиркор ҳуқуқи тикланган эди.
Мақоламиз сўнгида ўша хатдаги саволларни яна кўтарамиз: «Наҳотки туман ҳокимлиги ўз қарорларни бугун чиқариб, эртага бекор қилаверса? Қарорни бекор қилиш охирги чора эдими, ундан бошқа муқобил ечим мавжуд эмасми? Мурожаат этувчининг кучда бўлган ҳоким қарорига асосан сарфлаган маблағларини ким қоплайди?»
Қурилиш бўлими бошлиғи, бинолар барча масъул ташкилотлар томонидан рухсатнома олингач чизмаларга асосан қонуний тарзда қурилганини айтмоқда.
Балки, А.Маткомиловнинг Қамчиқ довонида бизнес учун энг қулай бўлган жойлардан бири бўлган ҳудуди кимгадир керак бўлиб қолгандир?
«Энг қизиғи шундаки, мутасадди раҳбарларнинг ишончли одамлари менга қўнғироқ қилиб, мен бизнес қилаётган жойга уларда ҳам қарор борлигини айтишди. Хулосага келдимки, ўша мутасадди раҳбарларнинг қайси бирига, қариндошига менинг жойим керак бўлиб қоляпти.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорларга қулайликлар яратиш, шароитлар қилиб бериш, уларни қўллаб-қувватлаш керак, деган сўзларини кўп эшитяпмиз. Барча ҳужжатларга эга бўлиб ва президентимизнинг гапларидан руҳланиб иш бошласам, ҳокимнинг ўз қароридан қайтиши билан шунча қилинган ишларим йўқ бўлиб кетаверадими?
Кимдан ёрдам сўраймиз, кимга мурожаат қиламиз? Ёки бу бизнес жойим кимгадир керак бўлиб қолдими? Яна билмадим...» – дейди тадбиркор.
Мақола эълон қилинганидан сўнг Поп туман ҳокимлиги масалани яна бир атрофлича ўрганиб чиқади, деган умиддамиз.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, 2019 йил 5 январдаги президент фармони билан 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланган. Унга асосан, замонавий халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда кўча инфратузилмасини (шу жумладан санитар-гигиеник шохобчалар) яратиш Концепциянинг бош мақсадлардан бири қилиб белгилаб олинган.
Шунингдек, мазкур фармонга мувофиқ, вилоят ҳокимлари ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида республиканинг ҳар бир ҳудудидаги сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган жойлар ва сайёҳлик маршрутларида камида 50тадан санитария-гигиена шохобчаларини ташкил этиш вазифаси юклатилган.
Бундан ташқари, фармонга мувофиқ, маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли вазирлик ва давлат қўмиталарига туристик намойиш объектларини боғловчи автомобиль йўлларининг ҳолатини яхшилаш, ҳар 50 км масофада санитария-гигиена шохобчалари ва бошқаларни ташкил қилиши керак.
Демак, бундан ҳулоса қиладиган бўлсак, давлат раҳбари қабул қилган ҳужжатнинг амалда ижро этилиши учун Поп туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди идоралар кўрсатаётган фаол қаршилик фақатгина тадбиркор Маткомиловнинг эмас, балки вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдухакимовнинг ҳам муаммоси, десак хато қилмаган бўламиз.
Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов
Мавзуга оид
16:39 / 15.11.2024
Наманган вилоят суди раиси ўринбосарининг қилмиши яширилмоқда: ёпиғлик қозон ёпиғлигича қоладими?
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
12:19 / 07.10.2024
Наманганда ўзганинг фотосуратларини интернетда тарқатишини айтиб пул талаб қилган шахс ушланди
18:33 / 02.10.2024