Ўзбекистон | 08:51 / 24.06.2020
1145
3 дақиқада ўқилади

Бадиий кўргазмалар дирекцияси фаолиятини такомиллаштирилади

Бадиий кўргазмалар дирекцияси фаолиятини такомиллаштириш режалаштирилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг “Бадиий кўргазмалар дирекцияси фаолиятини такомиллаштириш, жаҳон стандартларига мувофиқ мукаммал реконструкция қилиш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2020-2022 йилларда Бадиий кўргазмалар дирекцияси фаолиятини ривожлантириш, жаҳон стандартларига мувофиқ мукаммал реконструкция қилиш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлар режаси тасдиқланади.

Дирекция фаолиятини ривожлантириш, жаҳон стандартларига мувофиқ мукаммал реконструкция қилиш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлашнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

Дирекция фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш;

кўргазмаларни юқори савияда ташкил этиш, Бадиий кўргазмалар дирекцияси таркибида фаолият юритаётган Марказий кўргазмалар зали ва Дирекция фонди ҳудудида мукаммал реконструкция ишлари олиб бориш;

Кўргазмалар залида экспонатларни вақтинчалик сақлаш учун махсус замонавий техник воситалар ва электрон ускуналар билан жиҳозланган хоналар ташкил қилиш;

Кўргазмалар зали ва Дирекция фонди биноларида иситиш-совитиш, ёритиш ва электр тармоқлари, санузел, юк ташиш лифти, махсус кузатув камералари, ёнғин хавфсизлиги, ҳаво алмаштириш ускуналари ва бошқа техник таъминотни йўлга қўйиш;

Дирекция фонди ҳудудида асарларни расмийлаштириш ва уларни вақтинча олиб чиқиш учун қадоқлаш, асарлар профилактикаси учун дезокамера хоналарини ташкил этиш, шунингдек галерея биносини қуриш;

Дирекция ходимларини моддий рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқиш, профессионал мутахассисларни қўллаб-қувватлаш;

Дирекция ходимларининг малака оширишлари бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

Дирекция фонди коллекциясини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш;

Дирекцияда керакли ускуналар билан жиҳозланган, подрамник, багет тайёрлаш ва қадоқлаш ишлаб чиқариш ҳамда таъмирлаш устахоналарини яратиш.

Дирекция қуйидагиларни ёрқин ва таъсирли акс эттирувчи ҳамда мунтазам равишда янгиланиб борувчи кўргазма-экспозицияларни ташкил этади:

тасвирий ва амалий санъат, дизайн ҳамда ҳайкалтарошлик йўналишларида яратилган анъанавий санъатимиз ва қадриятларимизга нисбатан юксак ҳурмат-эҳтиром туйғуларини уйғотадиган, эркин ва фаровон ҳаёт, халқимизнинг бой тарихи, маданияти, урф-одатлари ва анъаналари, замон қаҳрамонлари образлари, уларнинг орзу-интилишларини ҳар томонлама чуқур акс эттирадиган ҳамда барча жабҳалардаги ривожланишни ифодаловчи кўргазмалар;

шахсий ва гуруҳ рассомлар кўргазмалари (рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, амалий санъат, фото ва видео), халқаро биеннале, фестиваль ва танлов-кўргазмалар;

республика ва халқаро миқёсда кўчма кўргазмалар;

хорижий тажрибага мувофиқ Республика ва хорижда савдо (аукцион) кўргазмаларини ташкил этиш тизимини;

илмий, амалий, методик ва бошқа турдаги экскурсияларни.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид