Жаҳон | 23:13 / 24.06.2020
4477
2 дақиқада ўқилади

Хитой «Бэйдоу-3» навигация тизимини шакллантиришни якунлади  

Хитой 23 июнда “Бэйдоу-3” сунъий йўлдош навигация тизимини яратишни якунлади. Энди тизим геостационар, геосинхрон ва ўрта ер атрофи орбиталарида жойлашган 35 та сунъий йўлдошга эга бўлди.

Long March 3B ракетаси тизимнинг охирги сунъий йўлдоши билан Сичан космодромидан учирилган. У қурилмани белгиланган орбитага олиб чиққан. Сунъий йўлдош эса орбитада қуёш панелларини муваффақиятли очган

“Бэйдоу” тизими Хитойда 2000 йилда яратила бошланган. Ўшанда орбитага Хитойнинг биринчи навигация сунъий йўлдоши чиқарилган. Ушбу лойиҳа доирасида Хитой орбитага 4 та сунъий йўлдош чиқарган. 2007 йилдан эса “Бэйдоу-2” тизимини шакллантириш бошланган. 2012 йил декабрида бу тизим минтақавий позициялаш тизими сифатида фойдаланишга киритилган, ундаги сунъий йўлдошлар 16 тани ташкил қилган. “Бэйдоу-3” тизимининг илк сунъий йўлдоши эса 2017 йилда орбитага чиқарилган, асосий гуруҳнинг шакллантирилиши 2019 йил охирида якунланган.

Тизимнинг очиқ сигнали 2 метргача аниқликда, ҳарбийлар учун мўлжалланган шифрланган сигнали эса 10 сантиметргача аниқликда позициялашни таъминлайди.

Айни вақтда дунёда шундай тизимлардан учта мавжуд бўлиб, булар Россиянинг ГЛОНАСС, АҚШнинг GPS ва Европанинг Galileo тизимларидир.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид