Жамият | 16:56 / 25.06.2020
3858
2 дақиқада ўқилади

Оилавий ажримлар сони ўтган йилгига нисбатан камайди – вазирлик

Жорий йилнинг ўтган 6 ойида республика бўйича оилавий ажримлар сони 9465тани ташкил этиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига қараганда 4285тага камайган. Бу ҳақида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида ўтказилган «Кучли ижтимоий ҳимоя: нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва давлат ташкилотлари ҳамкорлиги» амалий анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, бугунги кунда республикада 8 млн 200 минг оила мавжуд. Жорий йилда ажрим ёқасига келиб қолган оилалар сони 13865та бўлиб, уларнинг 60 фоизи – 7943тасини яраштиришга эришилган.

«Аммо бундан кўнгил хотиржам бўлиши, шунча ишни қилиб қўйдик, деган мақтаниш ҳисси бўлмаслиги керак. Ажримлар масаласи ҳар доим масъулларнинг бўйнида юк бўлиши керак. Чунки оилавий ажримнинг биттаси ҳам ортиқча», деди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Содиқжон Турдиев.

Маълум қилинишича, оилавий ажримларнинг ҳар учтадан биттаси никоҳнинг дастлабки ўн йили ва ундан ортиқ бўлган даврга тўғри келмоқда. Ҳар йили никоҳни бекор қилиш бўйича судларга қилинган мурожаатларнинг ярмидан кўпроғи қаноатлантирилмоқда.

Оилавий ажримларнинг сабаблари ўзаро муносабатлар (50-60 фоиз ҳолатда), моддий етишмовчилик, уй-жой билан боғлиқ муаммолар, оилавий муносабатларга ота-она ва бошқа қариндошларнинг ноўрин аралашуви, эр ва хотин характерининг ўзаро мос келмаслиги, улардан бири зарарли одатларга (ичкилик, гиёҳвандлик ва ҳ.к) ружу қўйиши эканлиги аниқланган.

Мавзуга оид