Жаҳон | 19:01 / 25.06.2020
12921
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири лавозимдан озод этилди. У коронавирусга чалинган

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов ўз лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда Оқ Ўрда матбуот хизмати расмий хабар берди.

Фото Tengrinews.kz/Турар Казангапов

«Мамлакат раҳбарининг фармони билан Елжан Биртанов Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири лавозимидан озод қилинди», дейилади хабарда.

Қозоғистон бош вазири Аскар Маминнинг айтишича, Биртанов ўз аризасига кўра ишдан олинган. Коронавирусга чалинган вазир қўшимча даволанишга муҳтожлигини ва бу эса вазир сифатидаги вазифаларини бажаришига имкон бермаслигини назарда тутиб истеъфога чиқишга қарор қилган.

1971 йилда туғилган Биртанов Олмаота давлат тиббиёт институтини битирганидан сўнг АҚШдаги Аризона тиббиёт университети, Россия тиббиёт академияси, Германиядаги Шарите университети клиникаси, «Туран» университети, АҚШнинг Duke University, Fuqua School of Business ва Global Executive MBA магистратурасида таҳсил олган.

У 2017 йилдан бери Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаб келаётганди. Унгача соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари бўлган, ўз вақтида «Миллий тиббий ҳолдинг» АЖни бошқарган.

Елжан Биртановнинг ўрнига унинг ўринбосари Алексей Цой эгаллади. 2019 йилдан президент девони қошидаги тиббий марказни бошқариб келган Цой 22 июнь куни вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида таништирилганди.

Алексей Цой / Фото Informburo.kz

Эслатиб ўтамиз, апрель ойи бошида Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чўлпонбоев лавозимидан озод этилганди, Май ойи бошида эса Тожикистонда ҳам соғлиқни сақлаш вазири ишдан кетди.

Мавзуга оид