Ўзбекистон | 23:59 / 29.06.2020
91385
3 дақиқада ўқилади

Бугун уч ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланди

29 июнь куни Ўзбекистонда 274та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди (жами 8222 ҳолат), 2 киши вафот этди ва 167 нафар бемор соғайди. Шу вақтгача 5496 беморга жавоб берилган, 24 киши вафот этган, шифохоналарда 2702 нафар бемор даволанмоқда.

Бугун 5 ҳудудда - Тошкент шаҳри, Самарқанд, Жиззах, Бухоро ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 266 ҳолатдан 244таси карантин муассасаларида, 30таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 6 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Аҳоли орасида (+30)
Бугун уч ҳудудда аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Тошкент шаҳрида аҳоли орасида 20та янги ҳолат қайд этилди. Пойтахтда сўнгги марта 3 июнь куни аҳоли орасида касалланиш ҳолати аниқланмаган.

Бухоро вилоятида аҳоли орасида 6та янги ҳолат қайд этилди. Карантиндагилар билан қўшиб ҳисоблаганда беморлар сони 9 нафарга ўсди. Бухорода шу вақтгача жами 521 ҳолат қайд этилган, шундан 490 киши тузалиб чиққан, бир киши вафот этган, шифохоналарда 30 бемор даволанмоқда.

Жиззах вилоятида яна аҳоли орасида коронавирусга чалинганлар чиқа бошлади - бугун жами 5та янги ҳолат қайд этилган, шундан 4 нафари аҳоли орасида. Айни вақтда вилоятда 6 нафар бемор даволанмоқда.

Карантин (+244)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 215 ҳолат аниқланди.

Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида 23 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди.

Шунингдек, Бухоро вилоятида карантиндагилар орасида 3 кишида, Самарқанд вилоятида 2 кишида, Жиззах вилоятида 1 кишида вирус чиққан.

Ҳайдовчилар (+0)
Бугун халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилмади.

Тузалганлар (+167)
29 июнь давомида 167 нафар бемор соғайди. Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида 115 нафар, Сурхондарё вилоятида 22 нафар, Бухоро вилоятида 12 нафар, Наманган вилоятида 22 нафар, Самарқанд вилоятида 7 нафар беморга жавоб берилди. Шу вақтгача вирусга чалингани қайд этилган 8222 кишидан 5496 нафари тузалиб чиққан.

Ўлим (+2)
Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистонда илк марта қаторасига икки кун иккитадан ўлим ҳолати қайд этилди. Шофиркон туманида яшаган, 21 июнь куни коронавирусдан зарарланиш ташхиси билан Бухорода шифохонага ётқизилган 58 ёшли аёл бугун оламдан ўтди. Шунингдек, Жиззахда 25 июнь куни ташхис қўйилган 72 ёшли отахон оламдан ўтиб, Ўзбекистонда вируснинг 24-қурбонига айланди. Бухорода ҳам, Жиззахда ҳам коронавирусдан ўлим билан боғлиқ илк ҳолатлар бўлди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2702 нафар бемордан 19 нафари оғир, 6 нафари эса ўта оғир аҳволда. 

Ҳозирда мамлакатимизда уй карантинида 40 293 нафар, стационар карантинда эса 23 485 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. 

Мавзуга оид