Жамият | 17:03 / 30.06.2020
14562
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ЙТҲ оқибатида 2 киши вафот этди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Тергов департаменти

2020 йилнинг 29 июнь куни соат 23:30да ҳайдовчи, 31 ёшли З.Т. бошқарувидаги “Малибу” русумли автомашинасини Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани “Зарбдор” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-100 автомобиль йўлининг 81-километрида Бандихон-Қизириқ тумани йўналишида ҳаракатланиб кетаётган бўлган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланиб келаётган 56 ёшли Ў.Х.нинг бошқарувида бўлган “ВАЗ 2101” русумли автомашинанинг ҳаракат йўналишига чиқиб кетиши оқибатида, автомашинанинг олд ўнг томони билан “ВАЗ 2101” русумли автомашинанинг олд чап томони билан тўқнашиб, йўл транспорт ҳодисасини содир этган.

Натижада, “ВАЗ 2101” русумли автомашинада ёнғин чиқиб, ҳайдовчи Ў.Х. ва олд ўриндиғида йўловчи сифатида кетаётган 50 ёшли А.Ж. ёнғин натижасида автомашина салонида қолиб кетиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қизириқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Ҳурматли йўл ҳаракати иштирокчилари, транспорт воситасини бошқараётганингизда амалдаги “Йўл ҳаракатлари қоидалари”га риоя қилишингизни сўраймиз, ўзингиз ва бошқаларнинг ҳаётига бефарқ бўлманг”, - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид