Ўзбекистон | 15:43 / 01.07.2020
8687
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига янги раҳбар тайинланди

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси янги раҳбари Марко Мантованелли мамлакатда ўз фаолиятини бошлади. Офиснинг аввалги раҳбари, 2017 йил март ойидан бери республикада ишлаган Хидеки Мори миссия муддатининг тугаши муносабати билан ўз фаолиятини якунлади. Бу ҳақда Kun.uz’га ваколатхона матбуот хизмати хабар берди.

Фото: worldbank.org

«Марко Мантованелли Италия фуқароси, у Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари сифатидаги фаолиятини 2020 йил 1 июль кунидан бошлади. Мантованелли Лотин Америкаси, Африка ва Европа давлатларида 20 йилдан ортиқ иш тажрибасига эга иқтисодий ривожланиш бўйича экспертдир», - дея хабар берди матбуот хизмати. Хидеки Мори Ҳиндистонда операциялар бўйича менежер лавозимига тайинланди (ташкилотнинг дунёдаги энг йирик дастурларидан бири) ва Нью-Деҳлида Жаҳон банки ваколатхонасида ишлайди.

Мантованелли 1990-йилларнинг ўрталарида Жаҳон банкида ишлай бошлади. У Доминикан Республикаси, Ҳаитидаги ваколатхоналарни, Жаҳон банкининг Африка минтақасида ОАВ, шериклик ва ташқи алоқалар бўйича ваколатхонасини бошқарган. 2007–2011 йилларда Жаҳон банкининг Босния ва Герцеговинадаги ваколатхонаси раҳбари бўлиб ишлаган, 2012 йилдан бери Жаҳон банкининг Вашингтондаги қароргоҳида Операцион сиёсат бошқармаси таркибида турли хил корпоратив дастурларни амалга оширишни мувофиқлаштирган.

2016 йилда Мантованелли Жаҳон банкининг Косово ва Шимолий Македониядаги ваколатхоналари раҳбари лавозимига тайинланди. У ушбу лавозимни Ўзбекистонда фаолият бошлангунга қадар эгаллаб келди.

Жаҳон банки айни пайтда техник ёрдам ва умумий қиймати 4,4 миллиард долларлик 23та лойиҳани молиялаштириш орқали Ўзбекистонда ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда. Лойиҳалар макроиқтисодий сиёсат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти ва канализация, энергетика, транспорт, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатда COVID-19 пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатишга ёрдам беради.

Мавзуга оид