03:20 / 01.07.2020
8622

Лукашенконинг асосий рақибларидан бири сайловга қўйилмайди

Фото: Facebook/Валерий Цепкало

Душанба куни Беларусь ИИВ Валерий Цепкалога нисбатан терговга қадар суриштирув бошлагани маълум бўлди. Вазирликка Бош прокуратурадан Туркия фуқаросининг аризаси бўйича иш келиб тушган.

Беларусь президентлигига асосий даъвогарлардан бири Валерий Цепкало номзодини рўйхатга олиш учун етарлича овоз тўплай олмайди, деб хабар берди TUT.by портали мамлакат марказий сайлов комиссиясига таяниб.

Хабарда айтилишича, текширувлардан сўнг Цепкалони қўллаб-қувватлаб 75 249 та имзо қолган, рўйхатга олиш учун эса камида 100 мингта имзо тўплаш керак. Цепкалонинг штаби марказий сайлов комиссиясига 160 мингта имзо топширганини хабар қилганди.

Душанба куни Беларусь ИИВ Цепкалога нисбатан терговга қадар суриштирув бошлагани маълум бўлди. Вазирликка Бош прокуратурадан Туркия фуқаросининг аризаси бўйича иш келиб тушган.

Валерий Цепкало — Минскдаги юқори технологиялар парки асосчиси, Беларусь ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари ва Беларуснинг АҚШдаги элчиси бўлган.

Александр Лукашенконинг яна бир рақиби, Белгазпромбанкнинг собиқ раҳбари Виктор Бабарико 165 744 та имзо тўплаган ва у сайловга қўйилади. Бабарико учун йиғилган имзонинг ярми бекор қилинган: унинг штаби 365 мингта имзо топширганди. Бабарико ҳибсга олинган бўлиб, унга нисбатан пул ювиш, гувоҳларга таъсир ўтказишга уриниш ва далилларни яшириш каби айбловлар қўйилган.

Бабарикодан ташқари, Александр Лукашенко (1,9 млн) ва яна тўрт нафар номзод керакли овозни тўплаган. Улар орасида блогер Сергей Тихановскийнинг хотини Светлана Тихановская ҳам бор. Тихановский Лукашенконинг асосий танқидчиларидан бири ҳисобланади.

Top