Жаҳон | 21:15 / 02.07.2020
5086
1 дақиқада ўқилади

Лукашенко президент сайловларида иштирок этиш учун ҳужжатлар топширди 

Фото: ИЗВЕСТИЯ/Зураб Джавахадзе

Беларусь Марказий сайлов комиссияси 2 июлда мамлакатнинг амалдаги президенти Александр Лукашенкодан президент сайловларига номзод сифатида рўйхатдан ўтиш учун ҳужжатларни қабул қилди.

Лукашенко комиссияга ҳужжат топширган еттинчи номзод бўлган. 30 июнда комиссия 6 номзод рўйхатдан ўтиш учун зарур бўлган 100 мингта имзони тўплаганини маълум қилган. 

Жумладан, Белгазпромбанкнинг собиқ бошқарув раиси, ҳозирда ҳибсга олинган Виктор Бабарико, парламент қуйи палатасининг собиқ депутати Анна Канопацкая, “Говори правду” (Ростини айт) жамоатчилик бирлашмаси ҳамраиси Андрей Дмитриев ва Беларусь социал-демократик “Грамада” партияси раиси Сергей Черечнядан ҳужжатлар қабул қилинган.

Беларусь президенти сайловлари 9 августга белгиланган. Номзодларнинг рўйхатга олиниши 5 июлдан 14 июлгача бўлиб ўтади. Уларнинг якуний рўйхати шу босқичдан кейин маълум бўлади. 1994 йилдан бери Беларусь президенти курсисини эгаллаб келаётган Лукашенко ушбу лавозимни 6-муддат эгаллашга даъвогарлик қилмоқда.

Мавзуга оид