Ўзбекистон | 00:46 / 04.07.2020
113287
4 дақиқада ўқилади

Олти ҳудудда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилди

3 июль куни Ўзбекистонда 318та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди (жами 9396 ҳолат), 217 нафар бемор соғайди, 2 киши вафот этди. Шу вақтгача 6251 беморга жавоб берилган, 29 киши вафот этган, шифохоналарда 3116 нафар бемор даволанмоқда.

Бугун 6 ҳудудда - Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро, Андижон ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 318 ҳолатдан 273таси карантин муассасаларида, 45таси аҳоли орасида аниқланган.

Аҳоли орасида (+45)
Бугун уч ҳудудда аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатларнинг қайд этилди, шундан энг кўп қисми Тошкент шаҳрида - 37 ҳолат. Пойтахтда 4 июнь кунидан буён узлуксиз равишда аҳоли орасида коронавирус аниқланиб келинмоқда.

Андижон вилоятида аҳоли орасида яна янги касаллар аниқлана бошлади - 29 июндан буён вилоятда аҳоли орасида янги ҳолатлар қайд этилмаётганди. Айни вақтгача вилоятда жами 214 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган, шундан 181 киши даволаниб чиққан, шифохоналарда 33 бемор даволанмоқда.

Тошкент вилоятида аҳоли орасида яна 3 кишида вирус аниқланган. Вилоятда сўнгги ҳафталарда узлуксиз равишда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланмоқда (фақат 1 июль кунидан ташқари).

Карантин (+273)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 113 ҳолат аниқланди.

Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида 45 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди.

Тошкент вилоятида беморлар билан алоқаси туфайли карантинга олинган 23 кишида вирус чиқди.

Сурхондарё вилоятида кун давомида 69та янги ҳолат қайд этилди. Бу кўрсаткич вилоят учун рекорд ҳисобланади. Аввалги рекорд кўрсаткич 27 июнь куни қайд этилганди - 26 кишида касаллик аниқланган. Шундан буён вилоятда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмаётганди. Бир кун ичида Сурхондарёда касалланиш ҳолатлари сони 101тадан 169тага етди. Шу вақтгача 67 бемор тузалиб чиққан, икки киши вафот этган. 

Бугун шунингдек, Самарқанд вилоятида карантиндагилар орасида 14 киши, Бухорода эса 9 киши вирусдан зарарлангани маълум бўлган.

Ҳайдовчилар (+0)
Бугун халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида коронавирусдан зарарланиш ҳолати аниқланмади.

Тузалганлар (+217)
Бугун Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида 212 нафар, Наманганда 5 нафар бемор соғайди, кунлик тузалиш кўрсаткичи бўйича рекорд қайд этилди.

Шу вақтгача касаллик қайд этилган жами 9396 нафар бемордан 6251 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил этмоқда.

Ўлим (+2)
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 28 июндан 1 июлгача 7 та ўлим ҳолати ҳақида маълум қилди. Аммо 2 июль санасида коронавирусдан вафот этиш билан боғлиқ янги ҳолатлар ҳақида хабар берилмади. Аслида шу куни Тошкентда бир эркак ва бир аёл касаллик асоратларидан вафот этгани маълум бўлди.

Тошкент шаҳрида яшовчи 59 ёшли Ғ.Б. исмли эркак 2 июль куни ўта оғир ҳолатда Тошкентдаги 4-сон шаҳар клиник шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган ва сунъий нафас бериш аппаратига уланган. Аммо у ўша тунда вафот этган.

Тошкент шаҳрида яшовчи 77 ёшли Н.Г. исмли аёлга 23 июнь куни коронавирус инфекциясидан зарарланиш ташхиси қўйилган ва Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Аммо у 2 июль куни ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3116 нафар бемордан 16 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Мамлакатда уй карантинида 41 926 нафар, стационар карантинда эса 22 438 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.

Мавзуга оид