Жаҳон | 19:02 / 05.07.2020
4079
2 дақиқада ўқилади

БААда янги ҳукумат шакллантирилди

Фото: Reuters

БАА бош вазири ва Дубай ҳукмдори Муҳаммад бин Рашид Ал-Мактум Twitterֹда ҳукуматда ўзгаришлар амалга оширилганини эълон қилди. Янги ҳукуматга ўз олдига қўйилган вазифаларни, жумладан рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни амалга ошириш учун бир йил вақт берилади.  

Коронавирус пандемияси оқибатларини енгишга ёрдам бериши керак бўлган ҳукуматнинг қайта шакллантирилиши ҳақида июнда эълон қилинган.
        
Ўзгаришлар доирасида барча давлат хизматлари марказлари ишини 50 фоизга рақамли платформага ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, рақамли иқтисодиёт ва сунъий онг бўйича давлат вазири лавозими ташкил этилган. Бундан ташқари, рақамли ҳукумат раҳбари тайинланган, у бу йўналиш бўйича ишларга раҳбарлик қилади. 

50 фоиз федерал агентликлар ва бошқармалар йирикрок тузилмаларга ёки алоҳида вазирликларга бирлаштирилган. Жумладан, энергетика ва инфатузилма вазирликлари бир вазирликка бирлаштирилган. Янги вазирликка уй-жой дастури учун жавоб берувчи тузилма ҳамда Федерал ер агентлиги қўшилган. Вазирликка Суҳайл ал-Мазруий раҳбар этиб тайинланган.

Шунингдек, БААда саноат ва илғор технологиялар вазирлиги ташкил этилган. Унга Абу-Даби миллий нефть компанияси ADNOC’га раҳбарлик қилган Султон ал-Жобир вазир этиб тайинланган. Шунингдек, иқтисодиёт вазири лавозимига Абдуллоҳ бин Тук ал-Моррий ва иқтисодиёт вазирлиги доирасида кичик ва ўрта бизнес ҳамда ташқи савдога жавоб берувчи икки нафар давлат вазири тайинланган.

Таъкидлаш жоиз, 33 кишидан иборат янги ҳукуматдаги лавозимлардан учдан бирини аёллар эгаллаган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид