09:22 / 05.07.2020
11432

Қозоғистонда икки ҳафталик қатъий карантин амал қилиши бошланди 

Қозоғистонда коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашгандан кейин 5 июлдан икки ҳафталик карантин чоралари амал қилишни бошлади.

Давлат комиссияси қарорига кўра, республикада коронавирус тарқалишини тўхтатиш мақсадида 14 кунга шаҳарлараро автобус қатнови тўхтатилади, шаҳарларда жамоат транспорти фаолияти вақт бўйича чекланади. Шу билан бирга, фуқароларга мамлакат бўйлаб шахсий автотранспортда ҳаракатланишга рухсат берилади.

Қозоғистонда 20 июндан қайта қўлга қўйилган халқаро авиаалоқа давом этаверади, бироқ Қозоғистон авиакомпаниялари рейслар бажарадиган давлатлар рўйхатини кенгайтириш 14 кунга тўхтатилади. Шунингдек, республиканинг ҳудудлари ўртасида авиаалоқа ва темир йўл алоқаси баъзи чекловлар билан сақланиб қолади.    

5 июлдан оилавий, томоша, спорт, хотира ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланади, одамларнинг кўчаларда, боғларда, хиёбонларда юришига чеклов киритилади. Жумладан, 3 нафардан кўп бўлиб юриш ва 65 ёшдан катталарнинг ҳаракатланиши тақиқланади. 

Қозоғистонликларга очиқ ҳавода индивидуал машғулотлар ўтказишга рухсат сақланиб қолади.

Бир қатор соҳалар корхоналари фаолияти чекланади. Жумладан, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, спорт заллари, фитнес-марказлар, сув ҳавзалари, усти ёпиқ озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари бозорлари тақиқ остига тушган. 

Шунингдек, пляжлар, аквабоғлар, маданий объектлар, музейлар, кўргазмалар, кўнгилочар марказлар, мактабгача тарбия болалар муассасалари, диний объектлар, кинотеатрлар, болалар соғломлаштириш лагерлари, банкет заллари фаолияти тўхтатилади. 

Давлат ташкилотлари, миллий компаниялар ва бошқа ташкилотларнинг камида 80 фоиз ходимлари учун масофадан ишлаш сақланиб қолади. 

Тиббий марказлар, дорихоналар, озиқ-овқат дўконлари, очиқ бозорлар фаолиятига, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва балиқчилик ишларига, аҳолига хизмат кўрсатишга, жумладан автомобилларни ювиш ва таъмирлашга, банк хизматлари кўрсатишга рухсат берилади.

Карантин режимини ва санитар-эпидемиологик талабларни бузганлик учун йирик жарималар киритилган. 

Мамлакатда эпидемиологик вазиятнинг ривожланиши билан боғлиқ ҳолда ушбу чекловлар яна 2 ҳафтага узайтирилиши ёки янада кучайтирилиши мумкин. 

Қозоғистонда худди шунга ўхшаш чекловлар 16 мартдан 11 майгача амал қилган фавқулодда вазият режими вақтида қўлланган. Кейинроқ чекловларнинг секин-аста бекор қилиниши бошланган, бироқ коронавирус тарқалиши яна жадаллашгач бир қатор ҳудудларда карантин чекловлари тикланган.   

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top