Ўзбекистон | 21:12 / 08.07.2020
38899
2 дақиқада ўқилади

Карантин муддати 14 кундан 10 кунга қисқартирилганига изоҳ берилди

Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олган беморлар билан мулоқотда бўлган шахсларни карантинда сақлаш муддати 14 кундан 10 кунга қисқартирилди.

ССВ қошидаги штаб аъзоси Ҳабибулло Оқилов 8 июль кунги матбуот анжуманида бунга изоҳ берди.

«Ҳаво-томчи орқали юқадиган вирус касалликларининг ҳаммаси учун инкубацион давр 14 кун сифатида қабул қилинган. Бироқ ҳозир жаҳонда кўплаб мутахассисларнинг ўрганиб чиқишига кўра, коронавирус билан боғлиқ вазият нисбатан фарқ қилади.

Бунда COVID-19’нинг биринчи аломатлари пайдо бўлган кундан бошлаб орқага 5 кун ҳисоблаб чиқилади. Чунки касалланиш биринчи аломат пайдо бўлишидан олдинроқ содир бўлади. Коронавирус биринчи аломат пайдо бўлгандан сўнг 7-кун ҳам юқумли ҳисобланади, 8-куни эса касаллик давом этавергани билан юқтириш қобилияти қолмайди», – дея тушунтирди Ҳабибулло Оқилов.

ССВ вакилининг сўзларига кўра, 8-кундан сўнг COVID-19’нинг юқиш қобилияти сусайиши ҳисобга олинган ҳолда захирага яна 2 кун қўшиб ҳисобланган ва янги карантин муддати 10 кун этиб белгиланган.

«Жаҳон тажрибасида шундай», – деди Оқилов.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус юқтириб олган беморлар билан алоқада бўлган шахслар эндиликда уй шароитида карантинда сақланади.

Уй шароитида даволанаётган ва карантинга олинганларга тиббий маслаҳат ва ахборот бериб бориш мақсадида тун-у кун фаолият кўрсатувчи колл-марказ фаолияти йўлга қўйилади.

Мавзуга оид