Жаҳон | 10:23 / 10.07.2020
8303
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Японияга 23 млрд долларлик ҳарбий самолётларни сотади

Фото: Getty Images

АҚШ давлат департаменти Японияга 105та бешинчи авлод F-35 қирувчи-бомбардимончи самолётларини ва зарурий анжомларни етказиб беришни маъқуллади. Битимнинг умумий қиймати 23,11 млрд АҚШ долларига баҳоланмоқда. Бу ҳақда Америка Мудофаа вазирлигининг мудофаа ҳамкорлиги ва хавфсизлиги бўйича бошқармаси хабар қилди, деб ёзмоқда ТАСС

Мазкур бошқарма ҳукуматлараро шартномалар асосида хорижий давлатга ҳарбий техника ва қурол-яроғ етказиб бериш, АҚШ ва бошқа мамлакатлар ўртасида алоқани таъминлаш, Вашингтоннинг хорижий ҳамкорларига мудофаа соҳасида молиявий ҳамда техник кўмак кўрсатиш учун масъулдир. 

“Таклиф этилган сотув, Осиё-Тинч океани минтақасида сиёсий барқарорлик ва иқтисодий тараққиёт кучи бўлган асосий иттифоқчининг хавфсизлигини ошириши билан АҚШ ташқи сиёсати ва миллий хавфсизлиги мақсадларига хизмат қилади. АҚШнинг миллий хавфсизлиги манфаатлари учун Японияга қудратли ва самарали мудофаа салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш ҳаётий муҳимдир”, - дейилади хабарда. 

Америка маъмурияти қарор юзасидан АҚШ Конгрессини хабардор этган. Эндиликда, қонун чиқарувчилар ушбу ҳарбий шартномани ўрганиб, уни тасдиқлаш ёки тўсиб қўйиш бўйича 30 кун муҳлати бор. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид