Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Болгарияда президент ҳукуматга қарши намойишларга бошчилик қилди
Болгария президенти Румен Радев ўз ёрдамчилари ҳибсга олингандан кейин ҳукуматга қарши намойишларга бошчилик қилди. 9 июлда Болгария куч тузилмалари президент маъмуриятида тинтув ўтказиб, Радевнинг икки ёрдамчисини ҳибсга олган.
Амалдаги президент қўллаб-қувватланган норозилик намойишлари пойтахт Софияда ўтган. Намойишларда юзлаб одамлар иштирок этган.
Бундан бир кун аввал прокуратура, ички ишлар вазирлиги, гувоҳларни ҳимоялаш бюроси ва бошқа идоралар ходимлари София ҳарбий суди ва Ихтисослашган жиноят суди қарори билан президент маъмуриятида тинтув ўтказган.
Жумладан, тинтувлар президентнинг хавфсизлик ва мудофаа масалалари бўйича маслаҳатчиси Илья Милушев ва ҳуқуқий масалалар ва аксилкоррупция бўйича котиби Пламен Узуновнинг ишчи хоналарида ўтган. Сўнгра уларнинг иккиси “таъсирни сотиш”да гумон қилиниб ҳибсга олинган. Шунингдек, мамлакатдаги таниқли тадбикор Пламен Бобоков ҳам ушланган.
Президентнинг таъкидлашича, бундай қатъий чораларга унинг ҳукуматни ва прокуратурани танқид қилгани сабаб ҳисобланади. Шу сабабли у президент маъмурияти олдидаги майдонда йиғилганларни “ижрочилик ҳокимияти ва прокуратурадан мафияни қувиш”га чақирган.
Аввалроқ Болгария бош вазири Бойко Борисов президент Румен Радевни унинг ортидан дрон ёрдамида яширинча кузатув олиб боришда айблаганди. Бош вазирнинг фикрича, унга қарши компромат ҳукумат томонидан тайёрланаётган геостратегик режаларга, жумладан Болгариянинг евроҳудудга ва Банк иттифоқига киришига тўсқинлик қилиш мақсадида тўпланган.
Болгария президенти ва бош вазири ўртасида можаро жорий йил бошида бошланган. Ўшанда президент ҳукумат ишончни йўқотганини, чунки фуқаролар манфаати йўлида ҳаракат қилмаётгани ва давлатни инқирозга бошлаётганини айтган.