Жаҳон | 11:52
1488
3 дақиқада ўқилади

Эронда яна ҳукуматга қарши чиқишлар бўлиб ўтди

Эронда оммавий намойишлар вақтида ҳалок бўлганларни хотирлаш тадбирларида яна ҳукуматга қарши шиорлар янгради. Теҳрондаги расмий маросимда эса акциялар “ташаббускорлари”га ҳамдардлик билдирганларга “оқибатлар” билан таҳдид қилинди.

Фото: Aghasht/Middle East Images/IMAGO

Эронда сешанба, 17 феврал куни, қаттиқ бостирилган ҳукуматга қарши намойишлар вақтида ҳалок бўлганлар хотираси ёдга олинди. Бир неча шаҳарда хотира тадбирлари ўтказилди, Эрон хавфсизлик кучлари билан янги тўқнашувлар ҳам кузатилди, деб хабар беради AFP агентлиги.

Абадонда тўпланганлар қўлларида гуллар ва ҳалок бўлганларнинг суратларини ушлаб, “Хоманаийга ўлим” ва “Шоҳ яшасин!” деган шиорларни ҳайқиргани ижтимоий тармоқлардаги кадрлардан кўриниб турибди. AFP ёзишича, Абадондан олинган бошқа бир видеода ўқ товушлари остида одамлар саросима билан ҳар томонга қочаётгани акс этган. Машҳадда эса оломон “Бир одам ўлдирилди — унинг ортида минглаб одамлар турибди” деган шиорни айтган.

Эрон ҳокимияти Теҳрондаги Имом Хумайний масжидида намойиш қурбонларини хотирлаш учун расмий маросим ўтказди. Унда иштирокчилар Эрон байроқларини силкитган, ҳалок бўлганларнинг портретларини ушлаб олган ва “Америкага ўлим”, “Исроилга ўлим” деган шиорларни айтган.

Тадбирда юқори лавозимли мансабдорлар, жумладан, вице-президент Муҳаммад Реза Ореф ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Исмоил Қааний нутқ сўзлаган. «Тартибсизликларнинг ташаббускорлари ва террористларни қўллаб-қувватлаганлар жиноятчилардир ва оқибатларига дуч келади», — деб иқтибос келтиради Қааний сўзларини Эроннинг Tasnim агентлиги.

Эронда 2025 йил декабр ойида бошланган илк акциялар иқтисодий сабаблар билан қўзғалган. Бироқ тез орада намойишлар сиёсий тус олган ва бутун мамлакат бўйлаб тарқалган. Ҳокимият уларни қаттиққўллик билан бостиришга уринган. Гувоҳлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Эрон хавфсизлик кучлари мамлакат бўйлаб намойишчиларга қарши ўқ узганини билдирган. Ҳокимият топшириғи билан интернет ва мобил алоқа ҳам блокланган.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароғчи 23 январ куни намойишлар давомида ҳалок бўлганлар умумий сони 3117 кишини ташкил этганини айтган. Улар орасида 2427 нафар тинч фуқаро ва хавфсизлик хизматлари ходимлари бор. Қолган қурбонларни вазир “террористлар” деб атаган.

Мустақил ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тузилмалар эса бошқача баҳоларни келтиради. АҚШда жойлашган Human Rights Activists News Agency (HRANA) маълум қилишича, 7000 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти — намойишчилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид