Жаҳон | 19:01 / 11.07.2020
5523
2 дақиқада ўқилади

Болгария президенти ҳукумат ва бош прокурорни истеъфога чиқишга чақирди

Болгария пойтахтида уч кундан буён ҳукумат ва республика бош прокурори истеъфоси талаб қилиниб намойишлар бўлиб ўтмоқда.

Фото: Getty Images

Болгария президенти Румен Радев миллатга мурожаати чоғида ҳукумат ва мамлакат бош прокурорини истеъфога чиқишга чақирди.

"Кеча ҳукумат ва бош прокурорнинг истеъфоси талаб қилинган оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Ҳукмрон партия намойишлар вақтида ўзини қўллаб-қувватлаш учун митинг ўтказиши намойишчиларнинг полиция билан тўқнашувларига сабаб бўлган иғвогарона ҳаракатдир", - деди Радев.

 "Коррупция, қўрқув, прокурор рэкети ва талончилиги, айбсизлик презумпциясининг инкор қилиниши, сўз эркинлигига қарши ҳужум, ёлғончилик ва адолатнинг йўқлиги – болгарлар буларнинг барига қарши бош кўтарди. Мавжуд вазиятдан чиқишнинг ягона йўли – ҳукумат ва бош прокурорнинг истеъфоси", - деди Болгария президенти.

 Болгария пойтахтида уч кундан буён ҳукумат ва республика бош прокурори истеъфоси талаб қилиниб намойишлар бўлиб ўтмоқда. Жума куни Софияда намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди.

9 июлда Болгария куч тузилмалари президент маъмуриятида тинтув ўтказиб, Радевнинг икки ёрдамчисини ҳибсга олган.

Болгария президенти ва бош вазири ўртасида можаро жорий йил бошида бошланган. Ўшанда президент ҳукумат ишончни йўқотганини, чунки фуқаролар манфаати йўлида ҳаракат қилмаётгани ва давлатни инқирозга бошлаётганини айтган.

Мавзуга оид