Ўзбекистон | 14:33 / 12.07.2020
63273
1 дақиқада ўқилади

Юридик техникумларга қабул параметрлари маълум бўлди

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги 14та юридик техникумлар учун қабул кўрсаткичлари эълон қилинди.

Адлия вазирлиги хабарига кўра, юридик техникумларига жами 3420 нафар ўқувчи қабул қилинади. Шундан 2310та квота кундузги, 1110та квота сиртқи таълим шаклига мўлжалланган.

Маълумот учун, Адлия вазирлигининг юридик техникумларига 11-синфни тамомлаган ўқувчилар ёки лицей ва коллеж битирувчилари ҳужжат топшириши мумкин.

Абитуриентларни қабул қилиш Давлат тест маркази ўтказадиган тест синовлари орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, табақалаштирилган тўлов-контракт («супер-контракт») асосида ҳам талабгорлар ўқишга қабул қилиниши мумкин.

Ўқиш муддати – 2 йил. Юридик техникумларини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар Тошкент давлат юридик университетига тест синовларисиз, суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади.

Вазирлик маълумотига кўра, юридик техникумлар битирувчилари нотариус ёрдамчиси, ФҲДЁ бўлими инспектори, Давлат хизматлари маркази мутахассислари, судья ёрдамчиси ва давлат ижрочиси каби 89та мутахассисликда ишлашлари мумкин бўлади.

Мавзуга оид