АҚШнинг десант кемасида ёнғин ва портлаш юз берди
АҚШнинг USS Bonhomme Richard десант кемасида ёнғин чиқди ва портлаш юз берди. Кема ҳозирда Сан-Диегодаги ҳарбий базада қолмоқда.
АҚШнинг ҳарбий-денгиз кучлари кўмондонлиги ёнғин оқибатида 18 киши жабрлангани, уларнинг жароҳатлари хавфли эмаслигини маълум қилган. Ёнғин вақтида кема бортида 160 га яқин ҳарбий бўлган. Уларнинг барчаси эвакуация қилинган.
Ёнғин маҳаллий вақт билан 12 июль соат 8:30да бошланган. Ёнғинни ўчиришда маҳаллий ўт ўчирувчилар ҳамда ҳарбий база ва кема жамоаси иштирок этган. Таъкидланишича, ёнғинни ўчиришга бир неча кун талаб қилиниши мумкин. Ҳозирда кемада ўт ўчирувчилар қолиб, уни ўчиришни давом эттирмоқда.
The New York Times нашрининг хабар беришича, ёнғин бошлангандан кейин кемада портлаш юз берган. Ҳозирча ёнғин ва портлаш сабаби номаълумлигича қолмоқда. Бироқ дастлабки тахминга кўра, ёнғин сувга кичик десант катерлари чиқиши учун хизмат қилувчи палубада бошланган.
USS Bonhomme Richard кемаси Wasp синфидаги универсал кема бўлиб, қуролланишга 1998 йилда олинган. Унинг жамоаси одатда 102 зобит ва мингдан кўпроқ денгизчидан иборат бўлади. Бироқ жорий вазиятда кемага техник хизмат кўрсатилаётгани сабабли унда камроқ одам бўлган.
Кема узунлиги 250 метрни, сув сиғимдорлиги 28 минг тоннадан кўпроқни ташкил қилади. Кема зенит-ракета қурилмалари ва вертолётлар учиши палубаси билан жиҳозланган. Кема ҳарбийлардан ташқари, вертолётлар, катерлар ва транспорт воситалари-амфибияларни таший олади.