Жаҳон | 14:24 / 13.07.2020
8440
2 дақиқада ўқилади

Арманистон мудофаа вазирлиги Озарбойжон томони яна ўт очганини хабар қилди

 Душанба куни Озарбойжон қуролли кучлари Арманистон ҳарбийлари позицияларини яна ўққа тутди, деб маълум қилди Арманистон мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян.

Фото: РИА Новости

 "Икки-уч соатлик танаффусдан сўнг рақиб Арманистон қуролли кучлари позицияларига яна ўт очди. Арманистон томони тегишли жавоб қайтарди. Рақиб томонидан йўқотишлар ошиши мумкинлиги истисно этилмайди", - деб ёзди Степанян ўзининг фейсбукдаги саҳифасида.

Якшанба куни Боку ва Ереван бир-бирини ўт очишни тўхтатиш режимини бузиш ва артиллериядан фойдаланишда айблаганди.

Озарбойжон мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари Товуз туманида Озарбойжон позицияларини артиллерия қурилмаларидан ўққа тутган.

Ўз навбатида Арманистон томони Озарбойжонни чегарани бузишга уринишда айблади.

“Озарбойжон қуролли кучлари хизматчилари бизга тушунарсиз сабабларга кўра УАЗ автомобилида Товуз йўналишида давлат чегарасини бузишга уриниш амалга оширди. Арманистон томонининг огоҳлантиришидан кейин рақиб ҳарбийлари автомобилни ташлаб, ўз позицияларига қайтган”, дейилади Арманистон мудофаа вазирлиги хабарида.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Арманистон билан чегарадаги вазият боис мамлакат хавфсизлик кенгашининг йиғилишини ўтказди, деб хабар бермоқда республика президенти матбуот хизмати.

 Хабарда айтилишича, йиғилиш ёпиқ режимда ўтказилган.

Мавзуга оид