Жаҳон | 00:46 / 14.07.2020
64854
7 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: янги антирекордлар ва умидсиз антитаналар

ЖССТ коронавирусдан зарарланишнинг кунлик ўсиш кўрсаткичлари рекорд даражада кўпайганини маълум қилди, янги тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, аксарият беморларда Covid-19'га қарши иммунитет бир неча ойдан ортиқ вақтга дош бермайди, Англияда сартарошхоналар ва спа-салонлар очилмоқда, Фаластин ҳудудларида карантин эълон қилинди: коронавирус пандемияси ҳақидаги сўнгги янгиликлар.

Фото: Reuters

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўтган кун давомида Covid-19 билан касалланишнинг янги 230,3 мингта ҳолатини қайд этди. Бу пандемия бошлангандан бери кунлик энг юқори кўрсаткичдир. Worldometr статистик веб-сайти нисбатан соддароқ рақамларни тақдим этади: қарийб 195 минг ҳолат. Уларнинг ярмидан кўпи АҚШ, Бразилия ва Ҳиндистонга тўғри келади. 

Лотин Америкасида вазият кескинлашмоқда. Бразилиядан ташқари, Перу, Чили ва Мексика вирусни юқтириб олганлар сони бўйича биринчи ўнталикка киради. Якшанба куни Мексика ўлимлар сони бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллаб, Италияни ортда қолдирди.

Эпидемия бошланган Хитой давлати, ҳозирги кунга келиб касалланиш ҳолатлари сони бўйича дунёда 23-ўрингача тушган. Расмий маълумотларга кўра, кунлик янги касалланиш ҳолатлари кўрсаткичи бармоқ билан санарли, касалхоналарда жами 320 нафар бемор даволанмоқда. 

Душанба куни, пандемия бошидан бери дунё бўйлаб вирусни юқтириб олганлар сони 13 миллиондан ошди. 572 минг киши Covid-19 қурбони бўлган, 60 мингга яқин киши оғир ва ўта оғир аҳволда қолмоқда. 

Тадқиқот: Covid-19'га қарши иммунитет атиги бир неча ой давом этади
Лондон Кингс коллежининг бир гуруҳ тадқиқотчилари коронавирус билан касалланган 90 беморни ўрганишди. 

Соғайишдан кейинги қисқа вақт ичида иммунитет ҳосил бўлиши учун организм томонидан ишлаб чиқариладиган антитаналар етарли миқдори беморларнинг 60 фоизида аниқланган, уч ойдан сўнг олинган таҳлилларда эса рақамлар 17 фоизни ташкил этган. Баъзиларда антитаналар умуман йўқ бўлиб кетган. 

Олинган натижа Covid-19 вирусидан узоқ муддатли иммунитет ҳосил бўлмайди ва одам грипп каби қисқа вақт оралиғида қайта-қайта касалланиши мумкинлиги ҳақидаги умидсиз хулоса чиқармоқда. 

Бу коронавирусга қарши самарали вакцинани яратишнинг принципиал имкониятига шубҳа туғдиради.

Бироқ, ҳисобот ҳозирча бошқа мутахассислар томонидан баҳоланмаган ва муаллифларнинг ўзлари ҳам қўшимча тадқиқотлар зарурлигини тан олишмоқда. Хусусан, зарарланишдан ҳимоя қилиш учун инсон қонида айнан қанча миқдорда антитана бўлиши кераклиги ҳали маълум эмас. 

Сунъий антитаналар энг оғир ҳолатдаги беморларга ёрдам беради
Лондоннинг Империал коллежи профессори Питер Опеншонинг Telegraph'га айтишича,  унинг клиникасида коронавирус билан курашга мўлжалланган сунъий антитаналар синовдан ўтказилмоқда. 

Тана касалликни енгишига ёрдам берувчи табиий антитаналар соғайган одамлар қонидан олинади. Улар ҳатто оғир беморлар учун ҳам мутлақо етишмаяпти. 

Профессор Опеншо биринчи натижаларни умидли деб атади. Агар иш муваффақиятли чиқса, Империал коллежи лабораториясида яратилган моноклонал антитаналар Covid-19'дан дунёдаги биринчи тўғридан тўғри дори бўлади. 

Буюк Британия ҳукуматининг коронавирусга қарши кураш бўйича маслаҳатчиларидан бири бўлмиш профессор Опеншонинг сўзларига кўра, экспериментал дори қонга қуйилгандан кейин ярим соат ичида ижобий таъсир кўрсата бошлайди ва оғир касалланган беморлар аҳволи ёмонлашишини тўхтатишга ёрдам беради. 

Бошқа янгиликлар: 

  • Душанба куни Англия ва Уэльсда сартарошхоналар, спа ва маникюр салонлари очилади. 3 августдан бошлаб Уэльсдаги паблар, ресторанлар, бар ва кафеларга мижозларга хизмат кўрсатишни давом эттиришга рухсат берилади, агар Covid-19 билан боғлиқ вазият ёмонлашмаса - фаолият турлари ҳозирча фақат очиқ верандаларда тикланади.
  • Яқинда Ҳартфордширдаги фермада вирус тарқалиши авж олиб, 73 киши касалланиб, 200дан ортиқ инсон ўзини изоляция қилиш тартибига ўтгани сабабли, Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Ҳэнкок маҳаллий карантин жорий этиш кераклиги – керак бўлса, битта корхона ёки бино даражасида – аммо бутун мамлакат бўйлаб қатъий чоралар тикланишига қаршилиги ҳақида гапирди.
  • Британия газеталари расмийларни дўконларда ниқоб кийишга нисбатан тутуриқсиз муносабати учун танқид қилмоқда. Ҳозирда жамоат транспортида юришда ниқобда бўлиш талаб қилинади, аммо Англиядаги савдо масканларида, Шотландиядан фарқли ўлароқ, қоида тавсиявий характерда. Расмий шахслар фуқароларни огоҳ бўлишга ва ўзларига ҳамда бошқаларга ғамхўрлик қилишга даъват қилиш билан чекланмоқда. Бош вазир Борис Жонсоннинг айтишича, келгуси кунларда ҳукумат ниқоб кийиш қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш чораларини кўриш ёки йўқлиги тўғрисида қарор қабул қилади. 
  • Ливан маъмурлари сўнгги кунларда Covid-19'дан 166та янги касалланиш ҳолати ҳақида хабар беришди, бу пандемия бошланганидан бери энг юқори кўрсаткичдир. Деярли барча ҳолатлар Байрутда чиқинди ташувчи сифатида ишлаган суриялик қочқинлар билан боғлиқ.
  • Мадагаскар парламентининг икки аъзоси вафот этди, яна 25 кишида коронавирус тести мусбат натижани кўрсатган. Мамлакат пойтахти Антананариву ва қатор вилоятларда касалланиш даражаси ошгани сабабли карантин қайта жорий этилди. 
  • Ўтган ҳафта Япониянинг Окинава оролидаги иккита базада жойлашган америкалик 62 ҳарбий Covid-19 билан касалланган. Муассасаларда карантин жорий этилган. 
  • Фаластин мухторияти коронавируснинг янги ўчоғи ҳақида маълум қилган. Якшанба куни у ерда 378 киши касал бўлиб, февраль ойидан бери юқтирганларнинг умумий сони 5500дан ошган. Рамаллоҳ, Ал-Халил ва Байт Лаҳмда тўрт кунлик тўлиқ карантин жорий этилган ва Ғарбий Соҳил бўйлаб соат 20:00дан 06:00гача комендантлик соати эълон қилиниб, шаҳардан шаҳарга чиқиш вақтинча чекланган. 
  • Боливиянинг муваққат президенти Жанин Аньес ва парламентнинг юқори палатаси раиси Эва Копадан сўнг иқтисодиёт вазири Оскар Ортис ҳам коронавирус билан касаллангани маълум бўлди. 
  • Токио губернатори Юрико Койке пандемия туфайли қолдирилган 2020 йилги Олимпия ўйинлари келгуси ёзда шаҳарда ўтказилишига умид билдирди. Японияда коронавирус билан боғлиқ вазият нисбатан қониқарли: у ерда касалланиш умумий ҳолатда 21,5 минг кишида кузатилган. Ушбу кўрсаткич бўйича мамлакат дунёда 56-ўринда туради. 
  • Индонезияда танлов эълон қилинди: ким коронавирусни яван тилида кўпроқ уришади ва лаънатлайди. Ташкилотчиларнинг фикрига кўра, бу одамларга депрессияни енгишга ёрдам бериши керак. Ғолибларга совғалар сифатида китоблар, футболкалар ва чақмоқтошлар берилади.

Мавзуга оид