Ўзбекистон | 10:17 / 14.07.2020
1765
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ЕТТБ собиқ президентини «Дўстлик» ордени билан мукофотлади

2 июль куни ўз вақолатларини топширган Европа тикланиш ва тараққиёт банки собиқ президенти Сума Чакрабарти Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармонига кўра «Дўстлик» ордени билан мукофотланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси президентининг расмий сайтида хабар қилинмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасидаги стратегик шерикликни йўлга қўйиш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги улкан хизматлари, шунингдек, республикада амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурларининг самарадорлигини таъминлашга, саноат ва инфратузилма тармоқларини модернизация қилиш бўйича устувор инвестициявий лойиҳаларга қўшаётган шахсий ҳиссаси ва кўмаги, мамлакатда қулай сармоявий ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш жараёнларини фаол қўллаб-қувватлагани учун Сума Чакрабарти Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» ордени билан мукофотлансин», дейилади фармон матнида.

61 ёшли ҳиндистонлик инглиз функционери 2012 йил 18 майида ЕТТБ президенти этиб сайланган, 4 йиллик мандати якунида — 2016 йил майида лавозимига қайта сайланган эди.

2 июлдан бошлаб банкка биринчи вице-президент Юрген Ригтеринк вақтинча раҳбарлик қилмоқда. Идора президентлиги учун сайлов кузда бўлиб ўтади. 

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид