Ўзбекистон | 18:24 / 15.07.2020
16116
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Озарбойжон ва Арманистонни дипломатик музокараларга чақирди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги қуролли низо бўйича муносабат билдирди.

Фото: AFP

«Ўзбекистон Республикаси Озарбойжон-Арманистон чегарасида инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келган вазиятдан жиддий ташвишда эканлигини билдиради.

Мазкур ҳудуддаги ҳолатнинг янада кескинлашиши тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишига олиб келиши, МДҲ ҳудудидаги муҳим иқтисодий алоқалар ва коммуникацияларни бузиши, минтақавий хавфсизликка зарар етказиши мумкин.

Ўзбекистон томонларнинг ўта сабр-тоқатли бўлиши тарафдори ва ҳолатни барқарорлаштириш ҳамда мазкур вазиятдан чиқиш учун сиёсий-дипломатик музокараларга чақиради.

Шу ўринда, ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирамиз», дейилади вазирлик баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 12 июль куни Озарбойжон шимоли-ғарбидаги Товуз вилояти ҳудудида икки давлат қўшинлари ўртасида тўқнашув содир бўлди, икки томондан ҳам қурбонлар бўлди. Озарбойжон Мудофаа вазирлиги Арманистонни ўт очиш ҳақидаги аҳдлашувни қўпол равишда бузиш ва мамлакат артиллерияси жойлашган позицияга ҳужум қилишда айбламоқда. 

13 июль куни томонлар яна бир-бирига ўт очди. Арманистон мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, икки-уч соат давом этган танаффусдан кейин озарбойжонлик ҳарбийлар яна ҳужумга ўтган ва бунга муносиб жавоб қайтарилган. Расмий Боку берган маълумотга кўра, Озарбойжон артиллерияси, миномётлари ва танклари арман таянч пунктини вайрон қилган, ҳарбий техникани бузган ва аскарларни ҳам ҳалок этган. 

Озарбойжон томони тўқнашувларда армия генерал-майори Пўлат Гашимов ва полковник Илгар Мирзаев қаҳрамонларча ҳалок бўлганини маълум қилди. 

Маълумот учун, Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги зиддийт СССР парчаланганидан кейин бошланган. Тортишувларга Тоғли Қорабоғ ҳудуди сабаб бўлган, у ерда асосан арманлар яшайди ва 1991 йилда бу ҳудуд Бокудан мустақиллигини эълон қилган. 1992-1994 йилларда Озарбойжон ушбу ҳудудни қайтаришга уринган, бироқ якунда икки томон ўт очмаслик ҳақида аҳдлашув тузган, лекин бу келишув бир неча марта бузилган.
 

Мавзуга оид