Жамият | 17:07 / 16.07.2020
10442
3 дақиқада ўқилади

Бухорода сохта АОКА ходимлари ва товламачи «мухбир»лар қўлга олинди

Бухоро вилоятининг Олот туманида ўзларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вакиллари ва «Юрт салоҳияти» газетаси мухбирлари деб таништирган шахслар қўлга олинган. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг телеграммдаги расмий каналида маълум қилинмоқда.

Мазкур шахслар тумандаги савдо дўконлари, бозор, кафе ва ресторанлар фаолиятига ноқонуний аралашиб, текширувлар ўтказиб, салбий мақола чиқариш орқали савдо объектини ёптириш, жаримага тортиш ва ташкилот раҳбарини ишдан олиш бўйича таклиф киритиш билан қўрқитган.  

Тадбиркорларнинг туман ИИБга қилган мурожаатидан сўнг уларнинг шахсига ойдинлик киритилган. Улар — 1975 йилда Тошкент вилоятида туғилган Х.Ш.Ш., 1976 йилда Тошкент вилоятида туғилган М.У.М. ва 1984 йилда Андижон вилоятида туғилган К.Э.М. эканлиги аниқланди.

Текширув давомида уларнинг ёнидан «Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги» деган сохта ёзув киритилган, давлат герби ва байроғи туширилган хизмат гувоҳномалари, бозор ва савдо дўконларини тасвирга олган қўл телефонлари ва бошқа айрим тегишли ҳужжатлар холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди. Айни пайтда ушбу шахсларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш мақсадида Олот туман ИИБ томонидан дастлабки терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги шуни маълум қиладики, «Юрт салоҳияти» газетаси 2019 йил 19 сентябрда Агентликнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Муассис — OLTIN ASR SERVIS МЧЖ. Ушбу нашр ва муассис Агентликка дахлдор эмас ва хизмат гувоҳномасида Агентлик номи қонунга зид равишда киритилган.

Мазкур масала юзасидан Агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли равишда мурожаат қилди ва масала тез орада қонуний ечим топади. Юртдошларимизни эса янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга чорлаб қоламиз», дейилади агентлик хабарида.

Мавзуга оид