Жаҳон | 09:50 / 17.07.2020
15561
3 дақиқада ўқилади

Британия: Россия коронавирус вакцинасига доир маълумотларни ўғирлашга уринган

Фото: REUTERS/Carl Recine

Россия ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланувчи хакерлар дунё илмий ва фармацевтика ташкилотларининг коронавирус вакцинаси ва уни даволашга доир тадқиқот маълумотларини ўғирлашга уринмоқда. Буюк Британия киберхавфсизлик Миллий маркази (NCSC) шу ҳақда баёнот бермоқда, деб хабар қилган Рейтер

Британия, АҚШ ва Канада мутасадди идораларининг биргаликда берган баёнотига кўра, киберҳужумлар ортида Cozy Bear номи билан ҳам машҳур APT29 гуруҳи турибди. Ушбу мамлакатлар фикрича, мазкур гуруҳ, Россия махсус хизматларининг бир бўлими сифатида фаолият кўрсатиши эҳтимол. 

“Биз коронавирус пандемиясига қарши кураш йўлида муҳим иш билан шуғулланаётганларга уюштирилаётган ушбу ярамас киберҳужумларни қоралаймиз”, - деган NCSC амалиётлар бўлими директори Пол Чичестер.

Марказ баёнотида айтилишича, гуруҳ ҳужумлари давом этмоқда. Хакерлар турли хил усуллар ва асбоблардан фойдаланмоқда, мақсадли фишинг ва зарарли дастурлар шулар жумласидан. 

Кремл маъмурияти эса, РФ Британиядаги фармацевтика компанияларига қилинган хакерлик ҳужумларига алоқадор эмаслигини айтмоқда. 

Кремл Лондоннинг Россияга нисбатан билдирган сайловларга аралашишга уриниш ҳамда хакерлик ҳужумлари ортида тургани хусусидаги баёнотларини асоссиз деб ҳисоблайди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга асосланган ҳолда хабар қилган. 

“Биз Буюк Британиядаги фармкомпаниялар ва тадқиқот марказларини ким буза олганига доир ахборотга эга эмасмиз. Бир нарсани айта оламиз: Россиянинг бундай уринишларга ҳеч қандай алоқаси йўқ, - деган Песков. – Биз бундай айбловларни, худди 2019 йилги сайловларга аралашиш хусусидаги навбатдаги асоссиз айбловлар сингари қабул қилмаймиз”.

Айни чоғда Япония ҳукумати ушбу хабар юзасидан ўз муносабатини билдиришга улгурди. Мамлакат ҳукумати киберҳужумлардан ҳимоя қилувчи барқарор тизимларни ривожлантиришда давом этади, деб баёнот берди Япония ҳукумати бош котиби Ёсихидэ Суга. 

“Мен хориждан Япония идоралари ва муассасаларига қандай киберҳужумлар қилинишига доир саволга жавоб бера олмайман. Аммо, биз киберҳужумлардан ҳимояловчи барқарор тизимларни ривожлантириш ҳамда улардан кўриладиган эҳтимолий зарарларни камайтириш стратегиясини амалга ошириш муҳим деб ҳисоблаймиз”, - деган Ёсихидэ Суга. 

Мавзуга оид