Ўзбекистон | 16:01 / 17.07.2020
1833
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ихтисослаштирилган архивлар ташкил этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон Республикасининг «Архив иши тўғрисида» қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда палата расмий сайтида хабар берилди.

Фото: Fotolia

Таъкидланишича, амалдаги «Архив иши тўғрисида»ги қонунга мувофиқ тугатилган ташкилотлар ҳужжатларини давлат архивига топширилиши белгиланган. Бу эса давлат архивларида Миллий архив фонди (доимий сақланадиган) ҳужжатларнинг сифатли сақланишига, яъни сақловхоналарда жой танқислиги муаммосини юзага келтириш билан бир қаторда нодавлат архивларни ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда.

Шунингдек, амалдаги қонунда Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган айрим вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлари архивлари ҳуқуқий мақомини белгиловчи норма йўқ.

Пресс-релизда айтилишича, янги нормалар «амалиётдаги барча муаммоларни бартараф этишга» қаратилган.

Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган айрим вазирлик ва идоралар, тармоқ давлат фондлари ҳамда ташкилотларда давлат ихтисослаштирилган архивларини ташкил этиш белгиланмоқда.

Давр талабидан келиб чиқиб, архив ҳужжатларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш, электрон базаларни шакллантириш мақсадида ташкилотлар томонидан архив ҳужжатларини электрон нусхалари билан топшириш нормаси лойиҳага киритилмоқда.

Шунингдек, тугатилган ташкилотлар архив ҳужжатларини тегишли архивларга, шу жумладан нодавлат архивларига ҳам топшириш белгиланмоқда.

«Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши нодавлат архивларни ривожлантириш, ҳужжатлар йўқолишининг олдини олиш, фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат архивлари ўзларининг асосий вазифалари, яъни Миллий архив фонди ҳужжатларини сифатли жамлаш, ҳисобини юритиш, сақлаш ва фойдаланишга хизмат қилади», – дейилади Қонунчилик палатаси матбуот хизмати ахборотида.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид