Жаҳон | 21:59 / 18.07.2020
30421
2 дақиқада ўқилади

Клинтон ва кичик Бушнинг Оқ уй фойесидаги портретлари олиб ташланди

Бу портретлар ўрнига республикачи президентлар — Уильям Маккинли ва Теодор Рузвельт портретлари жойлаштирилган.

Фото: People.com

Оқ уй фойесидан АҚШнинг 42-президенти Билл Клинтон ва 43-президент кичик Жорж Бушнинг портретлари олиб ташланди. CNN телекомпаниясининг хабар беришича, улар камдан-кам фойдаланиладиган собиқ ошхонага илиб қўйилган.

Бу портретлар ўрнига республикачи президентлар — Уильям Маккинли ва Теодор Рузвельт портретлари жойлаштирилган. Телекомпаниянинг тахминига кўра, портретлар Оқ уйнинг ҳозирги эгаси илтимоси билан олиб ташланган. Бу тахминга собиқ маслаҳатчи Жон Болтоннинг хотиралари асос бўлган. У яқинда чоп этилган китобида Дональд Трамп Клинтонни «ёмон президент», кичик Бушни эса «аҳмоқ» деб атаганини ёзган.

Анъанага кўра, зина юқорисидаги фойеда аввалги давлат раҳбарларининг портретлари илиниб туриши лозим. Амалдаги президент меҳмонларни қабул қилиш учун зинадан тушаётганида ўзидан олдин раҳбарлик қилганларга кўзи тушиши даркор.

Трамп Оқ уйдаги бу қоидани аввалроқ бузиб бўлган. Мамлакатнинг 44-президенти Барак Обаманинг портрети фойега умуман илинмаган.

Мавзуга оид