18:40 / 20.07.2020
15282

Месси. Месси. Месси ва бошқалар. Испания чемпионатида мавсум ижрочилари ҳақида

19 июль куни Испанияда навбатдаги мавсум ҳам якунига етди. «Реал» 33-бор чемпионга айланиб, «Барселона» билан ўртадаги фарқни 7тага оширган бўлса, «Леганес», «Мальорка» ва «Эспаньол» каби клублар келаси мавсумни Сегундада ўтказадиган бўлишди.

Фото: Getty Images

Агар алоҳида ижрочилар бўйича чемпионатни таҳлил қиладиган бўлсак, мавсум яна Лео Мессига аталганини кўриш мумкин. Ҳужумчи бу сафар жамоавий совринлардан бошқа, барча индивидуал кўрсаткичлар бўйича Лигада, баъзи жабҳаларда умуман, Европада етакчилик қилди. Қуйида шу ҳақида батафсил.

Тўпурар – Месси. 25 гол

Пичичи номи билан аталадиган бу соврин «Барселона» сардори Лео Мессига кетди. Аргентиналик ҳужумчи ўз фаолиятида еттинчи марта, кетма-кет эса, тўртинчи марта Ла Лига тўпурари деб топилди. Қизиғи, доим Месси Испания чемпионати тўпурарлигини ютганида, унга биратўла «Олтин бутса» ҳам насиб қиларди. Аммо ушбу мавсумда «Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовскига ҳеч ким ета олмаса керак.

Кейинги ўринни «Реал» ҳужумчиси Карим Бензема эгаллади - 21 гол. Месси ҳам, Бензема ҳам пенальтидан 5тадан гол уришган. «Вильярреал» ҳужумчиси Жерар Морено 18 гол билан учинчи ўринни олди.

Агар голларни майдондаги дақиқаларга нисбатан олсак ҳам, Месси биринчи ўринда – унинг ҳар бир голи учун 115 дақиқа керак бўлган. Мессининг жамоадоши Луис Суарес ҳар 125 дақиқада 1 гол билан кейинги яхши кўрсаткични қайд этди.

Ҳар бир ўйинда дарвозага берилган аниқ зарбалар бўйича ҳам Месси беназир – 2.2. Унинг голлар бўйича таъқибчиси Карим Бензема бир ўйинда ўртача 1.6та аниқ зарба беришга муваффақ бўлган.

Ассист – Месси. 21 ассист

Месси нафақат ўзи гол урди, балки шерикларига имконият яратиб беришда ҳам Испанияда, ҳамда Европада энг яхши кўрсаткичга эга бўлган. Мавсум давомида 21 голга узатмани амалга ошириш Европа учун ҳам рекорд натижадир. Шулардан 5таси стандарт вазиятлардан сўнг амалга ошган. Демак, Месси ҳаммаси бўлиб «Барселона»нинг 46 голида бевосита иштирок этган бўлиб чиқмоқда.

Голли тўп узатишлар бўйича кейинги кўрсаткичлар деярли икки баробар паст – «Сосьедад» ярим ҳимоячиси Микел Ойарсабал ҳисобида 11та, «Вильярреал»нинг эндиликда собиқ футболчиси Санти Касорлада эса 9та ассист мавжуд.

Дриблинг – Месси. 5.5

Фото: Xavi B. / AFP7 / Europa Press Sports via Getty Images

Муваффақиятли дриблинглар бўйича ҳам Месси биринчи. У ҳар ўйинда ўртача 5.5 марта рақиб футболчиларини алдаб ўтишга муваффақ бўлган. Европада, аниқроғи, «кучли бешлик»да ҳам бу кўрсаткичга яқин келган футболчилар йўқ.

Иккинчи ўрин ўтган ёзда «Лион»дан Испанияга трансфер қилинган Набил Фекирга тегишли. «Бетис» ярим ҳимоячи ҳар ўйинда ўртача 3.1 марта дриблинг амалга оширган. Бу ерда ҳам учинчи ўринда «Вильярреал» футболчиси – Андре Замбо-Ангисса, 2.4.

Ўткир паслар ва яратилган вазиятлар – Месси

Ҳар ўйинда узатилган ўткир паслар бўйича Месси ўртача 2.7 кўрсаткич қайд этган, мавсум давомида яратган хавфли вазиятлар бўйича эса, 36 кўрсаткич билан етакчилик қилган.

«Бетис»даги Серхио Каналес ҳисобида ҳар ўйинда 2.2та ўткир пас, «Леванте» аъзоси Хосе Кампаньяда эса 2та ўткир пас мавжуд. Жами яратилган имкониятлар бўйича Мессининг таъқибчилари деярли уч баробар кам.  Микел Ойарсабалда 14, Карим Бенземада 13та.

Кўкка совурилган қулай вазиятлар – Алваро Мората

Биринчи марта рейтингда Месси йўқ, лекин бу салбий кўрсаткичлар эканини ҳам эътиборга олинг. «Атлетико» ҳужумчиси Алваро Мората 34 ўйинда 18 марта жуда қулай имкониятларни голга айлантира олмаган. Унинг голлари сони 12та. Иккинчи ўринда эса кўпчилик тахмин қилганидек, Карим Бензема – «Реал» ҳужумчиси 16 вазиятни кўкка совурган. Лео Месси бу рейтингдан Луис Суаресдан (15) кейин тўртинчи (13) ўринни эгаллаб турибди.

Аниқ паслар – Клеман Лангле

Бир учрашувга тўғри келадиган аниқ паслар сони бўйича дастлабки 4 ўринни «Барселона» вакиллари эгаллаб туришгани эътиборга молик. Марказий ҳимоячилар Клеман Лангле (70.6) ва Жерар Пике (70.3) етакчи, кейинги ўринларни Серхио Бускетс (70.2) ва Жорди Алба (62.6) эгаллашган.

«Реал» ярим ҳимоячиси Тони Кроос 62.4 кўрсаткич билан бешинчи ўринда, аммо агар умумий паслар улуши бўйича олсак, Кроос умуман Лигада етакчи. Германиялик футболчининг 93.5 фоиз паслари жамоадошларига аниқ етиб борган.

Қуруқ ўйинлар – Тибо Куртуа. 18 ўйин

Дастлабки мавсумда жуда кўп танқидларга учраган Тибо Куртуа ниҳоят ўз даражасига қайтди ва ўзи қатнашган 34 ўйиннинг 18тасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олди. Шунингдек, «Реал» лигада энг кам гол ўтказиб юборган – 25 та.

Сўнгги уч йилда бундай рейтингларни бошқарган Ян Облак («Атлетико») ҳисобида бу сафар камроқ – 16та «қуруқ ўйин» мавжуд. У Куртуадан 2та кўпроқ ўйин ўтказган. «Хетафе»нинг барча ўйинларида қатнашган дарвозабон Давид Сория ҳисобида эса 15та шундай ўйин мавжуд.

Агар дарвозабонларни ижро этган сейвлари бўйича баҳолаб чиқсак, бу борада «Леванте» посбони Айтор Фернандес тенгсиз бўлади – ҳар ўйинда ўртача 4.4 сейв. «Мальорка»дан Маноло Рейнанинг натижаси 3.4, учинчи ўринни эса «Валенсия» дарвозабони Яспер Силессен эгаллаган – 3.3.

Рақиб яриммайдонида тўп учун курашиш – Мартин Эдегор. 35

Фото: globallookpress.com/Mutsu Kawamori

Ушбу рейтингга қараб, биз Испанияда энг кўп прессинг қиладиган жамоани ҳам аниқлашимиз мумкин – «Реал Сосьедад». Чунки нафақат Эдегор, балки иккинчи натижани (33) қайд этган футболчи Микел Мерино ҳам айнан сан-себастьянликлар сафида тўп суради. Учинчи ўринда «Эйбар» аъзоси Фаьбиан Орельяна ҳисобида сал камроқ –32. У ўтган мавсумда ушбу кўрсаткич бўйича Лигада тенгсиз деб топилганди.

Яна бир эътиборга молик жиҳат – «Барселона»нинг йилдан йилга прессингни камайтириб бораётганидир. Хусусан, охирги уч йилда камида 2 нафар «Барселона» ҳужумчилари рейтингнинг илк олтилигида жойлашар эди. Бу сафар фақат Серхио Бускетс 10-ўринда. Бу борада «Барселона»нинг доимий етакчиси бўлган Лео Месси эса, Лигада 21-ўринга тушиб кетган.   

Ҳимояланишдаги кўрсаткичлар

Агар рақиб ҳужумларини бузиш, тўпни олиб қўйиш кўрсаткичларини кўриб чиқсак, «Гранада» ярим ҳимоячиси Максим Гоналон етакчи – у ҳар ўйинда ўртача икки мартадан тўпни рақибдан олиб қўйган. Кейинги энг яхши натижалар Фран Гамес («Мальорка») ва Саул Ньигесга («Атлетико») тегишли – 1.8тадан.

Тўпни қайтариш бўйича «Атлетико»нинг бразилиялик тажрибали ҳимоячиси Филипеда энг яхши кўрсаткич – 5.1. «Севилья»дан Диего Карлос, «Вальядолид»дан Муҳаммад Солисуда ҳар ўйинда ўртача 5тадан рақиб ҳужумини қайтариш бор.

Пенальтилар

Энди бироз салбий томондан қарасак, «Алавес» ҳимоячиси Рубен Дуарте 5 марта ўз жарима майдонида қоида бузган. Аслида кўпроқ бўлиши ҳам мумкин, бу ерда фақат пенальти белгиланган вазиятлар инобатга олиняпти. Унинг «Гранада»даги фамилиядоши Домингос Дуарте ва яна 5 футболчи 3 мартадан пенальтига сабабчи бўлишган. Булар – Идриссу Баба, Жуниор Лаго («Мальорка»), Робин Ле Норман («Реал Сосьедад»), Мануэл Гарсия («Алавес») ва Марк Бартра («Бетис»).

Пенальти ишлаш бўйича юқорида дриблингларда ҳам етакчи Набил Фекирнинг бўлиши табиий ҳол. Франциялик ярим ҳимоячига нисбатан рақиблар беш марта қоида бузиб, пенальти билан жазоланишган. Месси мавсум давомида атиги бир марта пенальти ишлагани бироз қизиқ, лекин у кўпроқ жарима майдони яқинида қоида бузилишини яхши кўришини ҳам унутмаслик керак.

Карточкалар

Ҳакам томонидан энг кўп огоҳлантирилган футболчилар «Хетафе»дан Дамиан Суарес ва «Барселона» марказий ҳимоячиси Жерар Пикедир. Ҳар икки футболчи ҳисобида 15тадан сариқ карточка бор. Энг қўпол футболчи эса, шубҳасиз, «Хетафе» ҳимоячиси Аллан Ньомдир. У 13 марта огоҳлантирилгандан ташқари, икки марта майдондан чиқариб ҳам юборилган.

Мавсум давомида жами 78 марта қизил карточка кўрсатилган. Олти футболчи икки мартадан бу жазога лойиқ кўрилган. Ньомдан ташқари булар: Зуҳайр Феддал («Бетис»), Клеман Лангле («Барселона»), Небил Фекир («Бетис»), Факундо Ронкалья («Осасуна») ва Ли Кан Ин («Валенсия»).

Қ.Асланов тайёрлади

Top