Жамият | 23:49 / 20.07.2020
21309
3 дақиқада ўқилади

Репортаж: ‘Койкалар павильонига’ айланган «Ўзэкспомарказ»

19 июль куни Тошкент шаҳрининг уч ҳудудида – Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ётоқхонасида, Чилонзор туманидаги хусусий клиникада ва «Ўзэкспомарказ»да коронавирусга гумон қилинган фуқароларни қабул қилиш масканлари ташкил этилгани ҳақида хабар берилди.

Билдирилишича, бу масканлар коронавирусга чалинганликда гумон қилинаётганларни вақтинча сақлаб туриш, касаллик тасдиқланган тақдирда даволаш учун тиббиёт муассасасига йўналтиришга мўлжалланган.

Kun.uz мухбири «Ўзэкспомарказ»да бўлиб, эҳтимолий беморларни вақтинча сақлаш жойидан репортаж тайёрлади.

Марказда коронавирусга гумон қилинаётган фуқароларни вақтинча сақлаб туриш учун 500та койкадан иборат жой ҳозирланган. Бу ерда фуқароларга зарурий бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев марказ фаолияти ҳақида маълумот берди.

– 15 июль куни давлат раҳбари бошчилигидаги видеоселекторда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида коронавирус тарқалишининг олдини олиш чораларини кучайтириш вазифаси қўйилди. Шундан сўнг бир неча кун ичида Тошкент шаҳри тиббиёт тизимининг моддий-техник базасини яхшилаш чоралари кўрилди.

Хусусан, «Ўзэкспомарказ» павильонларидан бири COVID-19’га гумон қилинаётганларга бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун мослаштирилди.

Одамлар ўзларида коронавирус аломатларини сеза бошласа, тез ёрдамга мурожаат қиляпти. Йўтал, иситма кузатилгани билан бу COVID-19 бўлмаслиги мумкин, лекин уларга аниқ ташхис ҳам қўйилиши керак. Уларни коронавирус ташхиси аниқ бўлганлардан алоҳида ажратиб олиш мақсадида бу ерга олиб келинади, бир неча соат ичида ташхис аниқлаштирилади. COVID-19 тасдиқланса, тиббиёт муассасасига юборилади, аҳволи яхши бўлса, уйига боради.

Шуни назарда тутиш керакки, тез ёрдамни чақирганда беморда коронавирус борлиги аниқ бўлса, улар тўғридан тўғри шифохонага олиб борилади, – деди ҳокимлик расмийси.

Марказга келтирилган ҳар бир фуқаронинг кислород билан таъминланиши учун шароит яратилган – мис қувурлар орқали тортиб келинган кислород зарурат бўлганда аппарат орқали беморга уланади.

«Одамлар касаллик кескин кўпайди, деб ваҳимага берилади. Аммо жой етарли, дорилар етарли.

Дам олиш кунлари – 18-19 июлда одамларнинг қатъий карантинга амал қилиб, уйдан чиқмай ўтиргани яхши натижа беради. Кейинги ҳафта ҳам шунга амал қилишса, самара бўлади.

Ҳокимлар ўз хатосини тушуниб, ишга киришди. Ёмон томони шундаки, ташаббус давлат раҳбаридан чиқишини кутишди. Ташаббус қилишдан чўчиш керак эмас», – дейди Фурқат Маҳмудхўжаев.

Жамшидхон Зиёхонов

Мавзуга оид