“UzCharmExpo-Eurasia-2023” Марказий Осиёдаги чарм-пойабзал ва мўйна саноатининг энг йирик ихтисослаштирилган кўргазмасидир. 15-халқаро кўргазмада 40 дан ортиқ давлатларнинг 300 га яқин хорижий компания ва ташкилотлари фаол иштирок этиб, кўргазма доирасида маҳаллий корхоналар ва хорижий компаниялар ўртасида савдо-инвестиция йўналишида музокаралар ўтказилди. 

Кўргазмага 7 000 дан ортиқ ташриф буюрганларга сунъий чарм, аксессуарлар, поролон, желатин, каллоген, металл ва тўқимачилик фурнитуралари ҳамда пойабзал саноати учун керакли бўлган тагликлар, тагчарм, елим ва шу каби бир қатор маҳсулотларнинг умумий 5 000 зиёд турлари ҳамда 60 дан ортиқ янги турдаги маҳсулот намуналари намойиш этилди. 

Қайд этиш керак, “UzCharmExpo-Eurasia-2023” Европа, Осиё, Марказий Осиё минтақасида фаолият юритадиган халқаро ташкилотлар, компаниялар, брендларни бир майдонда жамлади.  Бу йил кўргазма Хитойнинг чарм ва пойабзал саноатидаги энг йирик кўргазма компанияси Zhejiang Donnor International Exhibition Co., билан бирлашиб, ўз уфқларини кенгайтирди. Компания билан эксклюзив шартнома тузилди. Унга кўра Хитойдан “UzCharmExpoEurAsia-2023” кўргазмасида иштирок этиш учун хитойлик ишбилармонлар делегацияси келди. 

Шунингдек, “Ўзчармсаноат” уюшмаси ShoesStar халқаро кўргазмаси билан кўргазма фаолияти бўйича самарали ҳамкорликни давом эттирмоқда. Бу МДҲ компаниялари иштирокини кенгайтириш, шунингдек, Евросиё қитъасининг кўплаб мамлакатларини қамраб олиш имконини берди. 

Бу йилги кўргазмага МДҲ давлатларидан ҳам кўплаб иштирокчилар ташриф буюрди. Россия ва Беларусь ишлаб чиқарувчилари кўргазма меҳмонларига пойабзал, чарм буюмлар, жун, мўйна, бутловчи қисмлар ва кимёвий маҳсулотларни намойиш этди. 

“Ўзэкспомарказ” МКМ павилионларида Германия ва Италия ишлаб чиқарувчилари, хусусан, Tecon, Italprogetti, PratikaGroup, Vittoria Makina, ALPE ва бошқа компаниялар томонидан чарм-пойабзал саноати учун инновацион технологик ечимларни таклиф этди. 

Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар экспозицияси алоҳида павилионда намойиш этилади. Таъкидлаш жоизки, 2017-2022-йилларда Ўзбекистонда 250 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар, жумладан, хомашё, бутловчи буюмлар ва материаллар маҳаллийлаштирилди. Бу тенденция бизга импортни қисқартириш, чарм-пойабзал маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш имконини бермоқда.