Жаҳон | 08:16 / 20.07.2020
5378
2 дақиқада ўқилади

Япония Марсга БААнинг «Ал-Амал» космик зондини учирди

Миссиянинг асосий вазифаси - Марсдаги атмосфера ва иқлимни ўрганиш.

Япониянинг H-IIA ракета ташувчиси БААнинг «Ал-Амал» («Умид») космик зонди билан Марсни ўрганиш учун душанба куни Танэгасима оролидаги космодромдан учирилди. Парвоз Mitsubishi Heavy Industries корпорацияси томонидан жонли эфирда намойиш этилди.

Унинг маълумотларига кўра, парвозга чиқариш муваффақиятли амалга оширилди. Қурилма ракета ташувчидан 430 км баландликда ажралиб чиқди ҳамда белгиланган траектория бўйлаб ҳаракатланишни давом эттирди.

Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли «Ал-Амал» зондини жўнатиш икки марта қолдирилганди. Японияда бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида кучли ёмғир ёғиб, мамлакат жануби-ғарбий қисмида кўчкилар ва тошқинлар юз берди.

1350 кг оғирликдаги қурилма БАА Фазо агентлиги, Муҳаммад бин Рашид номидаги Космик марказ ва Американинг учта университети билан ҳамкорликда яратилган. У иккита қуёш батареяси, юқори аниқликдаги кўп каналли камера, инфрақизил ва ультрабинафша спектрометрлар билан жиҳозланган.

Миссиянинг асосий вазифаси - Марсдаги атмосфера ва иқлимни ўрганиш. Хусусан, «Ал-Амал» зонди ёрдамида олимлар сайёрадаги кунлик ва мавсумий об-ҳаво циклларини, шунингдек об-ҳавога катта таъсир кўрсатадиган чанг бўронларини кузатадилар. Олинган маълумотлар ёрдамида мутахассислар Марс атмосфераси унинг мавжудлиги даврида қандай қилиб кескин ўзгаришларга дуч келганлигини аниқлаши кутилмоқда.

Зонд Марсга 2021 йилда, БАА ўзининг 50 йиллигини нишонлайдиган вақтда етиб бориши кутилмоқда. Қурилма бир Марс йили (Ердаги 687 кун) давомида сайёра орбитасида қолиши тахмин қилиняпти.

Мавзуга оид