Ўзбекистон | 21:09 / 23.07.2020
9264
2 дақиқада ўқилади

Андижонда «Жанубий Фарғона канали ГЭС–2» фойдаланишга топширилди

22 июль куни Жанубий Фарғона канали 2-ГЭСда олиб борилган модернизация жараёнлари якунлари ҳамда мазкур ГЭСнинг ишга туширилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Фото: minenergy.uz

«Шаҳрихон ГЭСлари каскади» унитар корхонаси таркибидаги Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида жойлашган ЖФК ГЭС-2 ишлаб чиқариш биноси қурилиши 1962 йилда бош тўғондан 1320 метр қуйида бошланган ва 1966 йили тўлиқ ишга туширилган.

ГЭСда Россиянинг «Уралэлектроаппарат» заводида ишлаб чиқарилган бир дона гидрогенератор вертикал ҳолда ўрнатилган. ГЭСнинг ўрнатилган қуввати 6,7 МВт ни ташкил этади.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги қарори ва ҳукуматнинг қатор топшириқлари доирасида ЖФК ГЭС-2 да ҳам модернизация ишлари олиб борилди. Модернизация ишларини бажариш учун Хитой Халқ Республикасининг «Power Construction Corporation of China» Ltd Бош пудратчи корхонаси билан шартнома имзоланди ҳамда ҳамкорликдаги технологик ишлар амалга оширилди.

Таъкидланишича, модернизациядан сўнг ЖФК ГЭС-2 автоматик (ақлли) бошқарув тизими ҳамда 7,05 МВт қувват билан ишлайди.

Ҳозирги кунда, вилоятда Андижон ГЭС-1, Андижон ГЭС-2, «Шаҳрихон ГЭСлари каскади» унитар корхонаси таркибига кирувчи 4 та ГЭС самарали фаолият юритиб келмоқда. Ўтган йили каскад таркибидаги Жанубий Фарғона каналидаги ГEС-1 (ЖФК ГЭС-1) модернизациядан чиқарилиб, янги қувватларда фаолиятини давом эттирмоқда. 

Мавзуга оид