Жамият | 22:54 / 30.07.2020
10324
2 дақиқада ўқилади

63 ёшли қоровулни калтаклаган самарқандлик зўравон уч йилга қамалди

Самарқанд шаҳридаги Сартепа мавзесида жойлашган бозор қоровули, 63 ёшли Ҳ.М. ёш йигит томонидан аёвсиз калтаклангани акс этган видео тарқалганди. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида отахонни калтаклаган А.Т.нинг иши кўрилди.

Видеодан кадр

Судда маълум бўлишича, жорий йилнинг 29 март куни соат тунги 2:30ларда А.Т. Самарқанд шаҳридаги «Табиат-саховат» МЧЖ деҳқон бозори олдида 63 ёшли Ҳ.М. билан жанжаллашиб, жабрланувчига шафқатсизлик билан оғир тан жароҳати етказади. 

Жабрланувчи Ҳ.М.нинг судда билдиришича, у ҳудуддаги бир нечта дўконлар ва ошхонага ҳам қоровуллик қилиб келган. Ўша куни унинг олдига келган А.Т. хот-дог тайёрлаб беришни сўрайди. Отахон карантин сабабли ошхонада масаллиқ йўқлигини билдиради. А.Т. эса уни ташқарига чиқариб, дўппослай бошлайди. Ҳ.М. ИИБга шикоят қилишини айтганда йигит ғазабланиб, калтаклашда давом этади.

Қоровул уларни бошқа бир фуқаро ажратганидан фойдаланиб, воқеа жойидан қочишга улгуради. Аммо йигирма дақиқа ўтиб А.Т. уни топиб олиб, юз ва танасининг тўғри келган жойига тепкилайди. Жараён ҳудуддаги видеокамераларда ёзилиб қолади ва видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кўпчиликнинг ғазабини келтирганди.

Тиббий экспертиза Ҳ.М.нинг лунж соҳаси, чап қулоқ супраси, бурун, юз қисмида лат ейиш, шилиниш, елка суягида ёпиқ синиш каби жароҳатлар мавжудлигини аниқлади. А.Т. суд мажлисида қўйилган айбларга қисман иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини маълум қилди. Калтакланган отахон эса судланувчига ҳеч қандай моддий-маънавий даъвоси йўқлигини билдирди.

Аммо ҳар қандай қилмишга жазо муқаррар. Суд А.Т.ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «в», «е» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди. Унга нисбатан уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид