Жамият | 22:20 / 30.07.2020
13609
2 дақиқада ўқилади

Шуҳратбек Абдураҳмонов: «Ваъда бераман, ажратилган маблағлар ўз эгасига берилади»

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоят аҳолисига телемурожаат қилди.

Ҳоким ўз мурожаатида вилоятда карантин даврида олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида маълумот бериб, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳолига берилиши кўзда тутилаётган ёрдам пулларини етказиш тизими бўйича ўз фикрларини билдирди.

У ҳудудда иш олиб бораётган 1200 та дорихона фаолиятига тўхталиб, шу кунгача аҳоли вакилларидан дори-дармонларнинг нархи кўтарилгани ёки сунъий тақчиллик юзага келгани ҳақида бирор марта мурожаат бўлмаганини қайд этиб ўтди.

Шуҳратбек Абдураҳмонов аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам сифатига тўхталди.

“Бугунги кунда вилоятда 239та тез тиббий ёрдам бригадалари фаолият олиб боряпти. Вилоят бўйича бир суткада чақирувлар сони 3600-3700тани ташкил этмоқда. Фавқулодда ҳолатлар юз бериши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда яна 53 та тез тиббий ёрдам машиналари, қўшимча операторлар, махсус бригадалар шакллантириш масалаларини кўриб чиқмоқдамиз. Бундан ташқари,  кўнгилли врач ва ҳамширалар Андижон тиббиёт институтидаги махсус курсда тайёрлаб бориляпти”, деди вилоят ҳокими.

Унинг маълумот беришича, вилоятда “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали 31 минг хонадонга 6,5 миллиард сўмлик озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилган.

“Куни кеча президентимиз ташаббуси билан вилоятимиздаги камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш, моддий ёрдам бериш мақсадида 10 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Мен вилоят ҳокими сифатида ҳудуддаги қийналаётган, камбағал оилаларни аниқлаш холис бўлади деб ваъда бераман. Мазкур рўйхатларни халқ ўзи сайлаган депутат ва маҳалла  раислари шакллантиради. Бу масалага алоҳида эътибор берамиз. Мазкур маблағлар ҳақиқатан қийналган аҳоли вакилларига етиб бориши керак”, деди вилоят ҳокими ўз мурожаатида.   

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид