16:21 / 30.07.2020
6990

Тошкент шаҳрида иситма билан мурожаатлар кўрсаткичи камайгани айтилди

Сўнгги икки сутка ичида – 28-29 июль кунлари Тошкент шаҳрида «Тез ёрдам» хизматига тана ҳарорати кўтарилишидан қилинаётган шикоятлар камайган. Бу ҳақида Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Феруза Ҳамробоева АОКАдаги брифингда маълум қилди.

Ҳамробоеванинг сўзларига кўра, иситма билан боғлиқ мурожаатлар ҳажми 1,2 бараварга қисқарган.

Мутахассис аҳолини иситма, ҳолсизлик каби симптомлар кузатилганда ваҳимага берилмасликка, бу белгилар мавсумий шамоллаш ёки грипп бўлиши ҳам мумкинлигини назардан қочирмасликка чақирди.

«Тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик каби ҳолатлар кузатилганда бу мавсумий шамоллашми ёки Covid-19 эканлигини касалликнинг кечиш муддатидан келиб чиқиб аниқлаш мумкин.

Агар бу мавсумий шамоллаш белгилари бўлса, касалликнинг учинчи кунидан бошлаб беморнинг аҳволида ижобий ўзгаришлар кузатилади. Аксинча, касалликнинг 4-5 кунларидан бошлаб симптомлар кучая бошласа, демак, ташхис Covid-19», дея Ҳамробоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top