Жаҳон | 23:54 / 31.07.2020
5137
2 дақиқада ўқилади

Германия ялпи ички маҳсулоти рекорд даражада қисқарди

Фото: Sean Gallup/Getty Images

Германияда ЯИМ ўсиш кўрсаткичлари 2020 йилнинг иккинчи чорагида 10,1 фоизга пасайди. Бу ҳақида мамлакат Федерал статистика идораси маълумотларига асосланиб, Deutsche Welle хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, бу – Германияда ЯИМнинг чораклик ўсиш кўрсаткичларини ҳисоблаш бошланган 1970 йилдан бери қайд этилган энг йирик пасайиш ҳисобланади.

Ўтган йилнинг худди шу даврига, 2019 йил апрель-май ойига солиштирганда натижалар яна ҳам ёмонроқ: 11,7 фоизлик пасайиш қайд этилган. Бунга экспортдаги жиддий муаммолар, истеъмол харажатлари қисқариши ва давлат чиқимларининг ошиши сабаб бўлган.

Март ойида қатор иқтисодчилар коронавируснинг Германия иқтисодиётига таъсирини таҳлил қилиб, мамлакатда йиллик ЯИМ кўрсаткичи 2,8 фоизга тушишини тахмин қилган эди. Ушбу прогноз чекловлар 5 ҳафта давом этиши ва кейинчалик секинлик билан юмшатиб борилиши тахминига асосланганди.

Сўнгги ойлар мобайнида ҳукумат томонидан инқироз таъсирини юмшатиш учун фавқулодда кредитлар, солиқ имтиёзлари ва кредит кафолатлари учун миллионлаб евро пакетлар ажратилди.

Федерал Меҳнат агентлиги маълумотларига кўра, ЯИМдаги пасайишга қўшимча равишда Германияда май ойида 6,7 миллион киши, ундан олдинги ойда эса 6,1 миллион ишчи меҳнат таътилида ёки ишсиз бўлган, бу муддат давомида ҳукумат уларни қўллаб-қувватлаган.

Июль ойида ишсизлик кўрсаткичи июнь ойига нисбатан ўзгаришсиз қолмоқда ва бу пандемиянинг дастлабки таъсирлари юмшаётгани белгиси сифатида кўрилмоқда.

Аввалроқ пандемия даврида Европа мамлакатлари ичида энг кўп Испания иқтисодиёти зарар кўргани, бу ерда ЯИМ 2-чорак якунларига кўра 18,5 фоизга пасайгани маълум бўлганди.

Ушбу даврда Франция иқтисодиёти 13,8 фоизга қисқарган.

Эслатиб ўтамиз, кеча АҚШ ялпи ички маҳсулоти ҳам рекорд даражада пасайгани хабар қилинганди.

 

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид