Ўзбекистон | 14:20 / 03.08.2020
91126
2 дақиқада ўқилади

«Соғлиқни сақлаш тизими карантин юмшатилишига тайёр» – Ҳабибулло Оқилов

Карантин чекловлари юмшатилиб, касалланадиганлар сони кўпайиши мумкин бўлса ҳам, вазиятни назоратга олишга соғлиқни сақлаш тизими ва ҳокимиятларнинг имконияти етади. Бу ҳақида 3 август куни Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов маълум қилди.

Ҳабибулло Оқиловнинг қайд этишича, коронавирусга чалиниб, касалликни енгил шаклда ўтказаётган беморларга уйда даволанишга рухсат берилгач, койкаларнинг маълум қисми бўшаган ва бемор қабул қилиш имконияти ошган.

Айни пайтда эса Тошкент шаҳрида ўрта оғир ҳолатдаги беморларни даволаш ва ташхис қўйиш учун мўлжалланган тиббиёт муассасалари базаси яратилган, «Тез ёрдам» орқали олиб келинадиган ёрдамга муҳтож беморларни шифохоналарга ётқизиш учун алоҳида тиббиёт муассасаларида: Тошкент тиббиёт академияси, Вирусология илмий текшириш институти клиникаси, Юқумли касалликлар клиникаси, шаҳар шошилинч тиббий ёрдам клиникаси ва Зангиота ҳудудидаги ихтисослашган юқумли касалликлар шифохонасида жой тайёрланган.

«Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида койка билан боғлиқ муаммо йўқ. Бу тизимни вилоятларда ҳам оммалаштириш ишлари олиб борилмоқда.

2-3 ҳафта олдин халқни огоҳ бўлиш учун даъват этган бўлсак, ҳозир ўзимиз уларга ваҳимага ўрин йўқлигини айтмоқчимиз. Ҳозир вазият жиловланган, шифокорларимиз тайёр, керакли асбоб-ускуналар шай ҳолатга келтирилган. Захиралар ва койка ўринлари ҳам етарли», деган Ҳабибулло Оқилов.

У карантин чекловлари юмшатилиб, касалланадиганлар сони кўпайиши мумкин бўлса ҳам, вазиятни назоратга олишга соғлиқни сақлаш тизими ва ҳокимиятларнинг имконияти етарли эканини таъкидлаган.

Қўшимча қилинишича, ихтисослаштирилган шифохоналарнинг барчаси бўшатилгач, улар дезинфекция қилинади ва ўз ихтисослиги бўйича фаолиятини бошлайди. Бу бошқа касалларга ёрдам кўрсатишдаги камчиликларни ҳам бартараф этади.

Мавзуга оид