Ўзбекистон | 10:21 / 06.08.2020
2129
2 дақиқада ўқилади

Айрим вазирлик ва идораларда ихтисослаштирилган архивлар ташкил этилади

Шунингдек, тугатилган ташкилотлар архив ҳужжатларини тегишли архивларга, шу жумладан нодавлат архивларига ҳам топшириш белгиланмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 5 август куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг “Архив иши тўғрисида” Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, амалдаги “Архив иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ тугатилган ташкилотлар ҳужжатларини давлат архивига топширилиши белгиланган. Бу эса, давлат архивларида Миллий архив фонди (доимий сақланадиган) ҳужжатларнинг сифатли сақланишига, яъни сақловхоналарда жой танқислиги муаммосини юзага келтириш билан бир қаторда нодавлат архивларни ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда. Шунингдек, амалдаги Қонунда Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган айрим вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлари архивлари ҳуқуқий мақомини белгиловчи норма мавжуд эмас.

Давр талабидан келиб чиқиб, архив ҳужжатларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш, электрон базаларни шакллантириш мақсадида ташкилотлар томонидан архив ҳужжатларини электрон нусхалари билан топшириш нормаси лойиҳага киритилмоқда. Шунингдек, тугатилган ташкилотлар архив ҳужжатларини тегишли архивларга, шу жумладан нодавлат архивларига ҳам топшириш белгиланмоқда.

Депутатларнинг қайд этишича, мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган айрим вазирлик ва идоралар, тармоқ давлат фондлари ҳамда ташкилотларда давлат ихтисослаштирилган архивларини ҳам ташкил этиш белгиланмоқда. 

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши нодавлат архивларни ривожлантириш, ҳужжатлар йўқолишининг олдини олиш, фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат архивлари ўзларининг асосий вазифалари, яъни Миллий архив фонди ҳужжатларини сифатли жамлаш, ҳисобини юритиш, сақлаш ва фойдаланишга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид