Ўзбекистон | 22:54 / 12.08.2020
33255
2 дақиқада ўқилади

Умумий овқатланиш объектлари очилиши учун шартлар маълум қилинди

15 августдан Ўзбекистонда очиқ ҳавода хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) фаолиятига рухсат берилади.

Республика махсус комиссияси ушбу объектлар учун қўйиладиган талабларни маълум қилган:

  • банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўймаслик;
  • столлар оралиғидаги 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани таъминлаш; 
  • бир стол атрофида 4 кишидан кўп бўлмаган (оила аъзолари бундан мустасно) мижозларни жойлаштириш; 
  • ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши; 
  • ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш талаб этилади.

Шунингдек, мазкур объектлар тўлақонли фаолият юритишига тайёргарлик кўриш учун уларнинг бино ва хоналарига, шунингдек, ҳаво айлантириш тизимига зарарсизлантириш анжомларини (ультрабинафша лампалар ва бошқалар) ўрнатиб бориш тавсия этилади.

Эслатиб ўтамиз, 15 августдан автотранспорт воситаларининг кун давомида тўлиқ ҳаракатланишига, шунингдек, маҳаллий авиақатновлар ва темир йўл қатновига ҳам рухсат берилган. Бунда, доимий равишда ҳар бир авиақатнов ва темир йўл қатновидан олдин тегишли ҳаво кемаси ва темир йўл вагонларини (ҳар бир ўриндиқни) тўлиқ дезинфекциядан ўтказиш, шу жумладан, уларга ҳавони зарарсизлантириш анжомларини ўрнатиш чораларини кўриш лозим бўлади.

Мавзуга оид