Ўзбекистон | 19:47 / 13.08.2020
22339
2 дақиқада ўқилади

Тест синовлари учун абитуриентларга 3 соат вақт белгиланди

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг 2-сон баёни тасдиқланди.

Унга кўра, бакалавриатга қабулдаги тест синовларида ҳар 30та тест топшириғини ечиш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) 90 дақиқа вақт, 60 та тест топшириғига жами 180 дақиқа вақт ажратилади.

Шунингдек, Давлат тест маркази хабарига кўра, комиссия қарори билан чет тилидан кўп балли тизим бўйича имтиҳонлар ўрнига тест синовлари ўтказилади.

«Пандемия шароитида абитуриентлар соғлиғига хавф-хатарнинг олдини олиш ҳамда уларга қулай шароит яратиш мақсадида, 2020/21 ўқув йили қабулида истисно тариқасида республикадаги барча давлат ОТМларига ўқишга қабул қилишда инглиз, немис ва француз тиллари каби бошқа чет тилларидан ҳам кўп балли тизим бўйича имтиҳонлар ўрнига тест синовлари ўтказилади», – дейилади хабарда.

Бундан ташқари, IELTS Indicator истисно тариқасида тан олинадиган бўлди.

«Пандемия шароитида чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича тест синовлари ўтказилмаганлигини инобатга олиб, 2020-2021-ўқув йили қабули учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда IELTS Indicator Б2 ва ундан юқори даражасига эга абитуриентларга истисно тариқасида чет тили фанидан максимал балл берилади», – дея қайд этилган Давлат қабул комиссияси баёнида.

Мавзуга оид