11:45 / 14.08.2020
9270

Олимлар коронавирус инфекциясини нур терапия билан даволашни таклиф қилишди

АҚШ ва Канада олимлари коронавирус инфекциясини нур терапия билан даволаш мумкинлигини таъкидлашмоқда. Бу орада россиялик мутахассислар бу усулнинг хавфсиз эканига шубҳа билдиришган.

Фото: Lisa Maree Williams / Getty Images

Канададаги Жек Ади онкология маркази тиббий физика бўлими мутахассислари кичик дозадаги рентген нурлари коронавирус инфекциясининг асорати ҳисобланувчи зотилжамга қарши ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлашмоқда. “ХХ аср бошида зотилжамни рентген нурлари билан даволаш оддий иш бўлган”, деб айтишган тадқиқот муаллифлари.

Мақолада таъкидланишича, илмий тадқиқотлар нурланишнинг кичик дозалари яллиғланишга қарши самарали эканини кўрсатган. Мутахассисларнинг фикрича, нур терапияни қўллаш коронавирусдан ўлим даражасини камайтириши, радиациянинг кичик дозаларда қўлланиши эса бундай даволашда юзага келадиган токсикологик таъсирлардан қочиш имконини беради. 

АҚШдаги Эмори университетининг саратон тадқиқотлари институти илмий гуруҳи нур терапияни коронавирус инфекцияси ва зотилжамга чалинган беморларда синовдан ўтказган. Тадқиқот давомида 10 бемор ўпкаси нурлантирилган. Яна 10 бемор нур терапиясиз даволанган. Натижада нурланган беморлар 3 кунда, оддий усулда даволанганлар эса 12 кунда соғайиб кетган. Муаллифларнинг таъкидлашича, нур терапия беморларга токсик таъсир қилмаган. 

Бу орада Россиянинг Н.Н.Блохин номидаги онкология илмий-тадқиқот маркази етакчи илмий ходими Ирина Лебеденко коронавирусдан радиация билан даволаш етарлича тадқиқ қилинмаганини таъкидлаб ўтган. У нурланишнинг кичик дозалари ҳам саратон келтириб чиқаришини эслатиб ўтган ва инфекцияга қарши курашишнинг бошқа хавфсиз усулларини излашга чақирган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top