Самарқандда сув омборини сифатсиз қурган корхона мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Бундан уч ой аввал Kun.uz сайтида Нуробод туманидаги «Омондара» паст босимли сув тўғонида ҳосил бўлган ёриқ – гирдобнинг аҳолига келтириши мумкин бўлган хавфи ҳақида мақола эълон қилинганди.
Самарқанд вилоят прокуратураси ушбу тўғон қурилишида қатнашган корхонанинг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар бермоқда.
«Ўзмахсуссувқурилиш ихтисослашган компания» ДК (ҳозирги кунда «Ўзмахсуссувқурилиш» МЧЖ деб номланади) томонидан Нуробод туманида жойлашган «Омондара» паст босимли сув тўғони қурилишида камчиликларга йўл қўйилгани учун «Ўзмахсуссувқурилиш ихтисослашган компания» ДК мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми «в» банди ҳамда 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давомида ушбу қурилишга алоқадор бўлган корхоналар мансабдор шахслари гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган.
Ҳозирги кунда «Омондара» паст босимли сув тўғонида амалга оширилган қурилиш ишлари лойиҳа кўрсаткичларига мос келишини аниқлаш мақсадида назорат ўлчови ўтказилмоқда.
Мазкур жиноят иши юзасидан Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов давомида айбдор шахслар доираси тўлиқ аниқланиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», дейилади прокуратура хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz сайтида дастлабки мақола эълон қилингач, Сув хўжалиги вазирлиги муносабат билдириб, ушбу тўғон аҳолига хавф солмаслиги ҳақида маълум қилганди.
Шундан сўнг масала фақат тўғоннинг аҳолига келтириши мумкин бўлган хавфида эмаслиги, балки сув омбор қурилишидан кўзланган мақсад, исроф бўлаётган сув ва лойиҳачи, қурувчи, буюртмачи, умуман сув омборни топшириш, қабул қилиб олишга масъул бўлганлар ҳақида бирор фикр билдирилмаганига доир саволлар ҳам жавобсиз қолганди.