Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Канада бош вазири парламент фаолиятини бир ойга тўхтатди
Канада бош вазири Жастин Трюдо ўзига берилган ҳуқуқдан фойдаланиб, парламент фаолияти 23 сентябргача тўхтатилишини эълон қилди. У бундай илтимос билан Канада генерал-губернатори Жюли Пейеттга мурожаат қилган. Пейетт ўз навбатидаа тегишли фармонни имзолаган.
“Бизга иқтисодиётни пандемия шароитида тиклаш бўйича узоқ муддатли режа зарур. Биз бу режани амалга ошириш бўйича биринчи қадамларни 23 сентябрда парламентнинг янги сессияси очилишидаги нутқда тақдим қиламиз. Бугун [18 август] мен генерал-губернатордан парламент ишини тўхтатишни илтимос қилдим. Буни ҳар қайси ҳукумат парламентдаги нутқни эълон қилишидан олдин қилиш зарур”, деб айтган Трюдо. Канада парламенти тартиб-қоидаларига кўра, палаталар иши тўхтатилганда, унга кўриб чиқиш учун киритилган барча қонун лойиҳалари бекор қилинади.
Бунда парламент сессияси очилишидаги нутқ натижаларига кўра, Трюдога парламент ишонч билдириши лозим. Агар бу юз бермаса, Канадада янги сайловлар бўлиб ўтади. Бундай ҳолат 2005 йил ноябрда юз берган. Ўшанда бош вазир Пол Мартин истеъфога кетишга ва янги сайловлар ўтказилишини эълон қилишга мажбур бўлган.
Канада бош вазирларидан охирги бўлиб Стивен Харпер 2013 йил сентябрда парламент сессияси очилишидаги нутқ олдидан парламент иши тўхтатилишини эълон қилган. Ўшанда Канада либерал партияси етакчиси бўлган Жастин Трюдо сенатдаги сафдошлари давлат маблағларини сарфлаб юбориш билан боғлиқ можаро марказида қолган Харперни сиёсий найрангларда айблаганди. Трюдо ўшанда унинг ҳукумати бундай “ўйинлар”ни амалга оширмаслигига ваъда берганди.
Бироқ баъзи таҳлилчиларнинг фикрича, амалдаги бош вазир WE Charity хайрия жамғармаси атрофидаги можаронинг янада авж олишидан қочиш мақсадида бир вақтлар Харпер қўллаган усулдан фойдаланиб, парламент иши тўхтатилишини эълон қилишга қарор қилди. Хайрия жамғармаси атрофидаги можарога Трюдо ва молия вазири Уильям Морно оила аъзолари аралашиб қолган. Морно 17 августда ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқишини эълон қилган. Парламент иши тўхтатилиши эвазига сенатнинг жамғарма билан боғлиқ можарони тергов қилаётган молия қўмитаси иши ҳам тўхтатилади.
Аввалроқ манфаатлар ихтилофи ва ахлоқ бўйича мустақил комиссар бош вазир Жастин Трюдо ва молия вазири Уильям Морнога қарши тергов бошлаган. Бунга сиёсатчиларнинг оилалари WE Charity жамғармаси билан яқин алоқада бўлгани сабаб бўлган.
Ушбу жамғарма ҳеч қандай тендер ўтказилмасдан, пандемия вақтида кўнгиллилар бўлиб ишлаган талабаларга ёрдам бериш бўйича давлат лойиҳаси доирасида стипендияларни тақсимлаш дастурининг ягона бошқарувчиси деб эълон қилинган. Ташкилотлар бюджетдан жамғармага 900 млн Канада доллари (670 млн доллар) ўтказиб беришлари керак бўлган. Бироқ жамғарма Трюдо оиласи ва унинг ҳукумати билан боғлангани маълум бўлгач, у билан шартнома бекор қилинган. Мухолиф партиялар етакчилари ушбу можаро сабабли нафақат Морнонинг, балки Трюдонинг истеъфосини талаб қилишган.
Мавзуга оид
07:43 / 13.06.2026
Канада ЖЧ тарихидаги илк очкосини қўлга киритди
16:40 / 12.06.2026
Мундиал таништируви. B гуруҳи ҳақида нималарни билиш керак?
14:14 / 12.06.2026
Канада ҳам болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи
22:32 / 09.06.2026