22:29 / 20.08.2020
7467

Boeing’нинг энг можароли самолёти номи ўзгартирилди

Boeing компанияси ўзининг можароли 737 MAX модели номини ўзгартирди. Энди ушбу модел 737-8 деб номланади. Таъкидлаш жоиз, аввал хизмат ёзишмаларидагина шундай ном қўлланган.

Фото: Boeing

Бу ҳақда Польшанинг Enter Air авиакомпанияси ушбу турдаги самолётдан 4 тасини сотиб олиш бўйича тузган шартномадан маълум бўлган

Бу шартнома ушбу моделдаги самолётлар иштирокида юз берган иккита авиаҳалокатдан кейин унинг хариди бўйича тузилган биринчи шартнома ҳисобланади.

Boeing’да маълум қилинишича, Польша авиакомпанияси дастлаб 2 та самолёт харид қилади, сўнгра ундан яна 2 та харид қилиши мумкин. Шундан кейин авиакомпаниянинг 737-8 самолётлари флоти 10 та лайнерга етади.

Экспертларнинг таъкидлашича, Boeing ўзининг энг можароли самолёти учун яхшигина чегирма бериши мумкин.

Авиаҳалокатлардан кейин 737 MAX’да аниқланган бир қатор муаммолар сабабли Boeing мижозлари ушбу моделдаги 400 тадан кўпроқ самолётга буюртмаларни бекор қилган. Айни вақтда компания самолётдаги барча носозликларни тузатганини таъкидламоқда.

Enter Air бош директори Гжегож Поланиескийнинг таъкидлашича, барча муаммолар бартараф этилгач, 737-8 модели узоқ йилларга дунёдаги энг яхши самолёт бўлиб қолиш имконига эга. 

The Wall Street Journal нашри маълумотларига кўра, АҚШ расмийлари 2021 йил февралигача самолётнинг парвозларига рухсат бериши даргумон. Бундан ташқари, бошқа давлатлар парвозларга рухсат бериши, учувчиларни тайёрлаш ва техник хизмат кўрсатишга яна кўплаб ойлар кетади.

2019 йил 29 октябрда Жакарта яқинида ва 2019 йил 10 мартда Аддис-Абебе яқинида 737 MAX 8 иштирокида авиаҳалокатлар юз берган. Ушбу авиаҳалокатларда жами 336 киши ҳалок бўлган. Шундан кейин ҳалокатлар сабаблари ўрнатилгунгача бутун дунё бўйлаб ушбу самолётлар парвозлари тўхтатилган.

Top