Президент Бектемир туманини айланмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев Бектемир туманида бўлиб, металл буюмлар ишлаб чиқарилувчи заводга борди.
«Пандемия туфайли вақтинча тўхтаб қолган корхоналар ўз фаолиятини тиклай бошлади. Лекин улар яна тўлиқ қувватга чиқиши учун вақт ва рағбат зарур. Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатор фармонлари ва видеоселектор йиғилишларида бу борада аниқ вазифалар белгиланиб, изчил амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбари бугун Тошкент шаҳрининг Бектемир туманига сафарини бошлаб, бу ерда бажарилаётган ишлар, саноат корхоналари фаолияти билан танишмоқда.
Президент дастлаб «Бектемир металл конструкциялари» масъулияти чекланган жамият заводига борди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Лойиҳанинг умумий қиймати 48 миллион доллар бўлиб, 2018 йилда ишга туширилган. Корхона йилига 65 минг тонна рухланган металл, 1 600 километр йўл тўсиқлари, 130 минг тонна пайвандланган қувур ва 17 минг дона ёритиш устуни ишлаб чиқариш қувватига эга.
Металл конструкцияларини иссиқ ҳароратда рухлаш Италиянинг Bisol S.p.A. ускунасида, халқаро меъёрлар ва сифат стандартлари даражасида амалга оширилмоқда. Бундай маҳсулотлар чидамлилиги, кўримлилиги ва ўрнатиш жараёнида қулайлиги билан афзал. Шунингдек, бу ерда Хитой, Жанубий Кореядан келтирилган замонавий технологиялар ўрнатилган.
Корхонада жами 375 нафар муҳандис ва ишчи меҳнат қилмоқда.
Президент ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечириб, мутасаддиларга қўшимча кўрсатмалар берди.
«Бу технологиялар ҳам, маҳсулотлар ҳам яхши. Лекин ҳар дам ривожланишни ўйлаш керак. Арзон, хавфсиз ва сифатли конструкциялар ишлаб чиқариб, корхонанинг қурилиш индустриясидаги ўрнини кенгайтириш зарур. Маҳсулот қачон арзон бўлади? Шароит яратсак», деди Шавкат Мирзиёев.
Бунга эришиш учун лойиҳалаштирувчи гуруҳ тузиш, Европа мамлакатлари, хусусан, Германия тажрибаси асосида корхонани саноат кластерига айлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.
Давлат раҳбарининг Бектемир туманига сафари давом этмоқда.
Мавзуга оид
21:40 / 19.04.2024
Тошкент аҳолиси Бектемир туманидаги кўчаларга ном беришда иштирок этиши мумкин
14:25 / 06.04.2024
Ҳашар баҳона ташкилотлар ходимларининг бир кунлик иш ҳақи ушлаб қолиняпти. Бу қонунга зид
18:59 / 11.03.2024
Бектемир туманига янги ҳоким тайинланди
16:08 / 06.02.2024