Ўзбекистон | 13:28 / 22.08.2020
10278
2 дақиқада ўқилади

Беморда нафас сиқилиши ҳолатини қандай аниқласа бўлади? - мутахассис изоҳи 

АОКАда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова иштирокида брифинг бўлиб ўтди. 

Брифингда аҳоли мурожаати ва саволлари юзасидан жавоб қайтарилди.

Мурожаатлардан бирида фуқаро коронавирус инфекцияси тасдиқланган ҳомиладор аёлда туғруқ муддати етмаган бўлса, ҳомиладорлик давом эттириладими ёки ҳомиладорлик тўхтатиладими, дея сўраган.

«Шошилинч туғруқ ва ҳомиладорликни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш мураккаб бўлиб, гестацион ёш, она аҳволининг оғирлиги, ҳомиланинг яшаб кетиши ва соғломлиги каби жуда кўп омилларга асосланган. Агар коронавирус инфекцияси мавжуд бўлган ҳомиладор аёлнинг аҳволи оғир ёки ўта оғир деб баҳоланадиган бўлса, диагностик мезонларга мувофиқ, ҳаётий кўрсатмаларга кўра, ҳомиладорлик муддатига қарамай туғдиришни амалга ошириш керак. Ҳозирги кунда ҳомиладор аёлларда ҳомила учун жиддий асоратлар хавфи юқорилиги тўғрисида ҳеч қандай далиллар мавжуд эмас», - деди Барно Абдусаматова саволга жавобан.

Бундан ташқари, нафас сиқилишини қандай аниқлаш мумкинлиги ҳақида ҳам маълумот берилди.

«Нафас сиқилиши - бу ҳаво етишмаслигини ҳис қилиш. Нафас олиш тезлиги, хотиржамликда дақиқасига 22 та нафас олиш бўлиши лозим. Нафас частотасини хотиржам ҳолатда ўлчаш учун қуйидагиларни бажариш зарур:

  • секундомер ёки қўл соатини олинг ёки уяли телефонингизда секундомерни ёқинг;
  • агар бу вақтгача ҳаракатда бўлган бўлсангиз 5 дақиқа дам олинг;
  • ўтирган ёки ётган ҳолда қўлларингизни кўксингизга қўйинг;
  • кўкрак қафасингизни ҳаракатлантириб неча марта нафас олишингизни сананг;
  • 1 дақиқадан сўнг санашни тўхтатинг. Катта кишиларда нормал нафас олиш частотаси 12-18 та бўлади.

Агар кўрсаткичлар 22 тадан кўп бўлса шифокорга мурожаат қилинг - бу нафас олишда муаммо борлигини кўрсатади», - деди штаб аъзоси.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид