Жамият | 15:04 / 24.08.2020
10057
2 дақиқада ўқилади

ФҲДЁ органлари томонидан оталикни белгилаш тартиби маълум қилинди

Бугун, 24 август куни Давлат хизматлари агентлигининг брифингида ФҲДЁ органларида оталикни белгилаш тартиби маълум қилинди. Бу ҳақда бўлим бошлиғи Камолиддин Хўжаев баён қилди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарори билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига асосан никоҳда бўлмаган ота-онадан туғилган болага оталикни белгилаш ота ва онаси (агар отаси вояга етмаган ҳисобланса, у ҳолда қонуний вакили) томонидан биргаликда берилган аризаси ёки суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида ФҲДЁ органида амалга оширилади.

«Оталикни белгилаш ариза берилган куни ота-онасининг иштирокида амалга оширилади, агарда оталикни белгилашда ота-оналардан бири иштирок этмаган тақдирда унинг имзоси қонунчиликда белгиланган тартибда (нотариус, Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасасининг масъул шахси ёки тиббиёт муассасаси, ФҲДЁ органи, ҳарбий қисм ёки жазони ўташ муассасаси раҳбарининг имзоси ва муҳри билан) тасдиқланади», деди Камолиддин Хўжаев.

Бўлим бошлиғининг сўзларига кўра, алоҳида ҳолларда оталикни белгилаш ҳақидаги ариза ота-онасининг ёки улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органига бола туғилмасдан олдин ҳам берилиши мумкин. Бундай ҳолатларда бола туғилгунга қадар унинг туғилган вақти ва исми ҳақидаги маълумотлар кўрсатилмайди.

Боланинг онаси ёки отасининг яшаш жойи ўзгариши муносабати билан туғилганлик оталикни белгилаш билан бир вақтда бошқа ФҲДЁ органида қайд этилган тақдирда олдиндан берилган аризани сақлаган ФҲДЁ органи сўровнома бўйича уни қайд этиш жойига юборади.

Оталикни ишончнома орқали белгилашга йўл қўйилмайди.

Мавзуга оид